10:57 / 27.11.2019
0
9235

Депутатлар янги таҳрирдаги Солиқ кодексини биринчи ўқишда қабул қилдилар

Фото: KUN.UZ

Қонунчилик палатасининг 2019 йилнинг 26 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатларнинг эътибори биринчи ўқишда муҳокамага киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига қаратилди.

Ушбу лойиҳа парламент қуйи палатасидаги қўмиталар, сиёсий партиялар фракцияларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган. Йиғилишлар чоғида янги Солиқ кодексининг ҳар бир нормаси кўриб чиқилди ва айрим нормалар депутатлар ўртасида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Мазкур ҳужжат нафақат давлатнинг солиқ сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида муҳим иқтисодий балки, солиқ қонунчилигини қўллашни максимал даражада соддалаштиришга, зиддиятлар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятли экани айтилади.

Кодекс лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига тўла мувофиқ ишлаб чиқишда, биринчидан, солиқ назорати шакл ва механизмлари, иккинчидан, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан солиқ объектлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлаш муҳим вазифа этиб белгилаб олинган.

Мажлисда Солиқ кодекси лойиҳасининг тузилиши деярли сақлаб қолингани таъкидлаб ўтилди. Уни умумий ва махсус — солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш қисмларига бўлиш кўзда тутилмоқда. Илк бор солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Солиқ тўловчиларга эса, солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартиби каби имтиёзлар тақдим этилмоқда. Солиқ назорати тартиблари соддалаштирилгани ва солиқ текширувлари турларининг 13 тадан 3 тагача қисқартирилгани депутатларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди.

Депутатлар таъкидлаганидек, жойларда ўтказиладиган текширув пайтида солиқ органлари томонидан солиқ ва йиғимлар ундирилмайди, аксинча, солиқ органлари томонидан маслаҳат тарзида кўмак берилади ҳамда солиқ таҳлили асосида аниқланадиган таҳликали омилларни бартараф этишга ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, солиқ тўловларини таъминлашнинг янги воситаларини жорий этиш, пулли асосда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Солиқ имтиёзларини белгиланган ставкани пасайтириш шаклида, лекин 50 фоиздан кўп бўлмаган ва уч йилдан ошмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тақдим этиш мумкин бўлган қоидалар белгиланмоқда.

Парламент вакиллари солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш механизмини такомиллаштиришга, шунингдек, солиқларнинг барча элементларини аниқлаштириш ҳамда тартибга солишга қаратилган нормалар кодекс лойиҳасидан ўрин олганини таъкидлаб ўтдилар. Бу илк бор Солиқ кодекси билан тасдиқланаётган солиқ нормалари ва ставкаларининг доимийлигини таъминлайди. 

Муҳокамалар якунида янги таҳрирдаги Солиқ кодексини тасдиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top