11:35 / 27.11.2019
0
4956

Ўзбекистонда корхоналарнинг моддий активлари ҳажми маълум қилинди

Ўзбекистонда 2018 йил охирига кўра асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати бўйича ҳажми 705,02 трлн сўмни, қолдиқ қиймати бўйича эса 505,5 трлн сўмни ташкил этган.

Асосий воситалар - корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиладиган моддий активлар. 

Давстатқўм хабарида айтилишича, 2018 йил охирига бошланғич (қайта тиклаш) қиймати бўйича асосий воситаларнинг 67,8 фоизи и хизматлар соҳаси, 24,1 фоизи саноат, 6,3 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, 1,8 фоизи эса қурилиш тармоғи ҳиссасига тўғри келган. 

Асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати (эскиришни чегириб ташлаган ҳолдаги бошланғич қиймати) бўйича таркиби уларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати бўйича таркибидан бир оз фарқ қилади. 2018 йил охирига асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати бўйича ҳажмининг 68,5 фоизи хизматлар соҳаси, 21,6 фоизи саноат, 8,4 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, 1,5 фоизи қурилиш тармоқлари корхоналарига тўғри келади. 

2018 йил охирига иқтисодиёт бўйича жами асосий воситалар бошланғич (қайта тиклаш) қийматининг 227,96 трлн сўми ёки 32,3 фоизи йирик тижорат корхоналари, 83,71 трлн сўми ёки 11,9 фоизи кичик тижорат корхоналари ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келган. 

Активлар турлари кесимида, 2017 йил охирига бошланғич (қайта тиклаш) қиймати бўйича йирик тижорат корхоналар жами асосий воситаларининг 10,6 фоизи бинолар, 20,8 фоизи иншоотлар, 18,4 фоизи узатиш мосламалари, 35,7 фоизи машина ва ускуналар, 10,9 фоизи транспорт воситалари ва 3,6 фоизи бошқа асосий воситалар ҳиссасига тўғри келган. 

2018 йил охирига эса жами асосий воситаларнинг 9,2 фоизи бинолар, 17,8 фоизи иншоотлар, 17,7 фоизи узатиш мосламалари, 39,3 фоизи машина ва ускуналар, 13,1 фоизи транспорт воситалари, 2,9 фоизи бошқа асосий воситалар ҳиссасига тўғри келган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top