Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хорижий валютада белгиланган давлат божи ставкалари қайта кўриб чиқилмоқда
Қонунчилик палатасининг 2019 йил 26 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар “Давлат божи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳаси давлат божларини ундиришни тартибга солувчи 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бирлаштирган.
Қайд этилганидек, хорижий илғор амалиётни ўрганиш натижалари бўйича, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ёки бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган давлат божи Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда уни тартибга солиш предметидан чиқарилиб, алоҳида қонун лойиҳасига ўтказилди.
Лойиҳада концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи ҳамда фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия ва рухсатнома берганлик учун давлат божи ундирилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилиши белгиланган. Консуллик йиғимлари бундан мустасно.
Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида, хорижий валютада белгиланган давлат божлари ставкалари қайта кўриб чиқилмоқда. Яъни, уларни базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб, сўм эквивалентида ундириш тартиби қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Умуман олганда, давлат божи ставкалари ўзгаришсиз қолмоқда. Уларнинг миқдори қонун лойиҳаси иловасига мувофиқ белгиланади.
Қонун лойиҳасида бир қатор турлар бўйича ставкалар пасайтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ҳамда адлия органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божларининг камайтирилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Шунингдек, ставкалар миқдори асоссиз оширилишининг олди олинади.
Мавзуга оид
23:10 / 25.05.2026
Россияда мигрантлар учун божлар 12 баробар оширилиши кутилмоқда
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
08:28 / 30.03.2026
Ўзбекистонда 15 турдаги маҳсулот учун хомашёга импорт божлари бекор қилинади
12:00 / 24.03.2026