Ўзбекистон | 14:55 / 28.11.2019
16249
10 дақиқада ўқилади

Янги Уй-жой кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Уй-жой кодекси лойиҳаси эълон қилинди.

Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги масалалар бўйича муносабатларини тартибга солади:

турар жойларга мулк ҳуқуқининг юзага келиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши;

уй-жой фондидаги турар жойлар ва умумий мулкдан фойдаланиш;

биноларни турар жойлар ва нотурар жойлар тоифасига киритиш;

уй-жой фондини ҳисобга олиш;

турар жойларни сақлаш ва таъмирлаш;

кўп квартирали уйларни бошқариш;

фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқларига риоя этилиши ва уй-жой фондидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш.

Уйларни қуриш, турар жойларни қайта қуриш ва ўзгартириш, муҳандислик қурилмаларидан фойдаланиш, коммунал хизматлар билан таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар қонунда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари иштирокидаги уй-жой муносабатларига нисбатан қўлланилади.

 Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонун ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Уй-жой дахлсиздир.

Ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа мақсад, ҳамда суд тартиби ва суд қарорига асосланган ҳоллардан ташқари, ҳеч ким қонуний асосларга кўра ушбу уйда яшовчиларнинг розилигисиз ушбу уй-жойга киришга ҳақли эмас.

Қонуний асосларга кўра ушбу уйда яшовчиларнинг розилигисиз уй-жойга киришга, фақатгина фуқаролар ҳаёти ва/ёки мол-мулкини асраб қолиш, авариявий ҳолатлар, табиий офат, ҳалокат, оммавий тартибсизликлар ва фавқулодда характердаги бошқа ҳолларда уларнинг шахсий хавфсизлиги ёки жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек жиноят содир этганликда гумонланаётган шахсларни қўлга олиш, содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш ёки содир этилган жиноят ёки юзага келган бахтсиз ҳодисанинг сабабларини аниқлаш мақсадида қонунда кўзда тутилган ҳолат ва тартибда йўл қўйилади. 

Ҳеч ким уй-жойдан кўчирилиши ёки унинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас, токи бу ҳолат ушбу Кодекс, ва бошқа қонунлар билан назарда тутилмаган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уй-жой муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

уй-жой фондининг давлат томонидан ҳисобини олиб бориш тартибини белгилайди;

кўп квартирали уйда умумий мулкни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва меъёрларини ўрнатади;

турар жой биноларини асраш, кўп квартирали уйларда бино эгаларига тегишли умумий мулкни асрашга бўлган талабларни, шунингдек уларнинг ногиронлар учун берилиш шароитларини таъминлаш тартибини ўрнатади;

ижтимоий ҳимояланмаган ва кам таъминланган аҳоли табақаларини ижара шартномалари асосида бериладиган уй-жойга муҳтожлигини эътироф этиш асосларини аниқлайди;

ижара шартномалари асосида кам таъминланган фуқароларга муниципал уй-жой фондидан турар жойларни бериш/ажратиш тартибини белгилайди;

уй-жой фондидан турар жойларни бериш/ажратиш мақсадида фуқароларнинг бошқа тоифаларини аниқлайди;

мақсадли фойдаланишдаги коммунал уй-жой фонди ижара шартномалари бўйича турар жойлар билан таъминлаш асослари ва тартибини белгилайди;

давлат ва муниципал уй-жой фондидан ихтисослаштирилган турар жойларни ижара шартномалари асосида бериш/ажратиш учун асосларни аниқлайди;

турар жойларни яшаш учун номақбул деб тан олиш учун асос ва тартибни белгилайди;

уй-жой муносабатлари масалалари юзасидан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги уй-жой муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритади;

кўп квартирали уйлардан ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича тизимли ишларни самарали ташкил этади;

кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати мониторингини ўтказиш бўйича ишларни ташкил этади;

кўп квартирали уйларни сақлаш, улардан фойдаланиш талабларига ва фойдаланиш харажатларини аниқлаш талабларига, кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларига, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

кўп квартирали уйларни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлайди;

новаторлик фаолиятини ва замонавий инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашади;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ҳисобини ва уларнинг фаолияти бўйича ҳисоботларни юритиш учун ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурсларини жорий этади;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги ахборотни вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради ва янгилаб туради;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг фаолиятини ҳуқуқий ҳамда услубий жиҳатдан таъминлайди;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг замонавий шакллари ва усулларини ишлаб чиқади ҳамда жорий этади;

кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича мутахассислар малакасини ошириш курсларини ташкил этади;

бошқарувчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва бошқарувчиларни, ширкатлар бошқаруви раисларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга кўп квартирали уйларни бошқариш учун малака сертификатини беради;

кўп квартирали уйларни яшаш учун яроқсиз деб эътироф этади;

уй-жой фондидан фойдаланиш ва унинг бутлигини таъминлаш борасида мониторинг олиб боради.

Ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:

уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш;

уй-жой фондини ва коммунал объектларни бошқаришни ташкил этиш;

ижтимоий фойдаланишдаги уй-жой фондидаги турар жойларга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобини олиб бориш;

текинга бериладиган муниципал турар жойга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобини олиб бориш (етим-болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, интернат битирувчилари, маълум яшаш манзилига эга бўлмаган фуқаролар);

муниципал, бозор (тижорат) ва нотижорат (ижара шартномалари бўйича) ижарадаги уй-жойларни қуриш;

уй-жойларни муҳандислик коммуникацияларига мажбурий улаш шарти билан кам таъминланган фуқаролар учун уй-жойларнинг эксплуатацияга берилиши устидан назоратни таъминлаш ва шахсий жавобгарликка эга бўлиш;

коммунал хизматлар, ёки ҳудудий (вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ) мақомидан қатъий назар уларнинг бўлимлари томонидан хизмат кўрсатиладиган муҳандислик коммуникацияларини яратиш бўйича назоратни таъминлаш;

фуқароларга тақдим этиладиган ресурслар ҳисоби устидан назоратни таъминлаш, шу жумладан, кўрсатилаётган коммунал хизматларни ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиб бериш;

ўз тасарруфидаги ҳудудда коммунал хизматларга оид тариф сиёсатини белгиланган тартибда шакллантириш;

уй-жой фондини мониторинг қилиш;

давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси шартлари асосида бериш давлат уй-жой фондидаги турар жойларни улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш учун юридик шахсларга аренда шартномаси шартлари асосида бериш;      

уй-жой фондидан фойдаланилиши ва унинг асралиши, аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифати устидан назоратни таъминлаш;

аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган ва кам таъминланган тоифалари орасидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш ҳамда уларни аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой билан таъминлаш;

фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган ва кам таъминланган тоифалари учун уй-жой қуриш;

уй-жой қурувчиларга уй-жой қуриш учун, шунингдек уй-жой мулкдорларининг ширкатларига доимий фойдаланишга белгиланган тартибда ер участкалари бериш;

уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи коммунал хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси объектларининг лозим даражада сақланиши ҳамда ривожлантирилишини таъминлаш;

давлат уй-жой фондининг турар жойларини бронлаштириш ва алмаштириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари уй-жой муносабатларини тартибга солиш соҳасида:

фуқароларга уй-жой фондидан фойдаланишда ҳамда унинг сақланишини таъминлашда кўмаклашади;

коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифати устидан, қуриш ва уй ён атрофини сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

кам таъминланган оилалар, етим-болалар, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлганлар, шунингдек табиий офатлар ва техноген характердаги фавқулодда ҳолатлардан азият чеккан фуқароларнинг маиший-уй-жой шароитларини яхшилаш тўғрисида тегишли органларга таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади

Мавзуга оид