Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги масалалар бўйича муносабатларини тартибга солади:
турар жойларга мулк ҳуқуқининг юзага келиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши;
уй-жой фондидаги турар жойлар ва умумий мулкдан фойдаланиш;
биноларни турар жойлар ва нотурар жойлар тоифасига киритиш;
уй-жой фондини ҳисобга олиш;
турар жойларни сақлаш ва таъмирлаш;
кўп квартирали уйларни бошқариш;
фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқларига риоя этилиши ва уй-жой фондидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш.
Уй-жой дахлсиздир. Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа мақсад, ҳамда суд тартиби ва суд қарорига асосланган ҳоллардан ташқари, ҳеч ким қонуний асосларга кўра ушбу уйда яшовчиларнинг розилигисиз ушбу уй-жойга киришга ҳақли эмас.
Қонуний асосларга кўра ушбу уйда яшовчиларнинг розилигисиз уй-жойга киришга, фақатгина фуқаролар ҳаёти ва/ёки мол-мулкини асраб қолиш, авариявий ҳолатлар, табиий офат, ҳалокат, оммавий тартибсизликлар ва фавқулодда характердаги бошқа ҳолларда уларнинг шахсий хавфсизлиги ёки жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек жиноят содир этганликда гумонланаётган шахсларни қўлга олиш, содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш ёки содир этилган жиноят ёки юзага келган бахтсиз ҳодисанинг сабабларини аниқлаш мақсадида қонунда кўзда тутилган ҳолат ва тартибда йўл қўйилади.
Ҳеч ким уй-жойдан кўчирилиши ёки унинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас, токи бу ҳолат ушбу Кодекс, ва бошқа қонунлар билан назарда тутилмаган бўлса.
Уй-жой фонди – инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан уйлар, квартиралар, хизмат турар жойлари, махсус уйлардан (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлардан) иборат бўлган фонд.
















