Жаҳон | 22:32 / 29.11.2019
68933
2 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбоев судга мажбурий равишда олиб келингани маълум қилинди 

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Бишкекнинг Первомайск туман судига мажбурий равишда етказилди. Бу ҳақда Атамбоевнинг адвокати Сергей Слесарев маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, Атамбоев қаршилик кўрсатмаган.

“У ёш соқчиларни зарбага қўймаслик учун қаршилик кўрсатмади. Атамбоев ҳозир суд мажлислари залига боришдан бош тортиб, соқчилар хонасида қолмоқда”, деб айтган Слесарев.

Соқчиларнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг собиқ президенти судга кўнгилли тарзда келган, унга қарши куч қўлланмаган. Судга Атамбоевнинг тарафдорлари ва қариндошлари ҳам келган.

“Бу чидаб бўлмас ҳолатдир. Биз бу ҳақида хабар топгач, шошилинчда бу ерга келдик. Бугун мажлис бўлишидан ҳам бехабармиз. Суд жараёни ёпиқ тартибда ўтар экан, журналистларни қўйишмаяпти. Мен отам билан кўришишга умид қилгандим. Бироқ уни яширинча олиб келишди ва яширинча олиб кетишади. Унга онам билан кўришишгагина рухсат беришди. Мен билан кўришишни тақиқлашди. Нима ҳам қилардим, ақалли отам билан бир бинода бўлганимдан қаноатланиб қоламан”, деб изоҳ берган вазиятга Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбоев.

Таъкидланишича, Атамбоев судга жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод қилиниши иши бўйича йиғилишга келтирилган. Бироқ йиғилиш адвокатлар иш ҳужжатлари билан танишишлари учун 6 декабрга кўчирилган. Атамбоев суднинг соқчилар хонасида маълум вақт қолиб, сўнгра тергов изоляторига қайтариб олиб кетилган.

Мавзуга оид