18:40 / 29.11.2019
1
4665

Ижтимоий муаммоларни ҳал этмасдан тараққиётга эришиш мушкул

Мақсуда Ворисова, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 91-Зангиота сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Эътироф этиш керакки, кейинги йилларда давлат халққа яқинлашди, халқ учун ишлай бошлади. Амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларига мос келади.

Ижтимоий демократик давлат барпо этишни олий мақсади, деб биладиган Халқ демократик партияси ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ва ижтимоий демократия ғояларидан иборат бўлган мафкурасини рўёбга чиқариш йўлида янги сайловларда сиёсий кураш майдонига кирди.

Ижтимоий адолат дунёда кенг тарқалган ижтимоий ғоялардан биридир. Уни умуминсоний     қадриятлар сирасига киритиш мумкин. Ижтимоий адолатнинг аниқ мазмуни, унинг номланиши тарих мобайнида ўзгариб турган. У аслида барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсон ҳаёти ва яшаши кафолатларининг таъминланиши, ижтимоий ҳимояланганликнинг юқори даражаси, ҳар бир меҳнатга лаёқатли инсоннинг иш билан таъминланиши, муносиб иш ҳақи олиши, фуқароларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортдан баҳраманд бўлиши, ногиронлиги бор кишилар ва етим болаларнинг, кам таъминланган инсонларнинг ижтимоий ҳимояланиши кабиларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ХДП ҳам ана шундай эзгу ғояларни илгари суради.

Бугунги кунда ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборат. Адолатли жамият ҳамиша аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олади. Жамият доимо олдинга интилавераркан, у билан бирга онг ҳам тинимсиз ўзгариб бораверади.

Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 60-Пайариқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Партиямизнинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ойлик маошлар, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириб бориш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, қишлоқларда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи устувор йўналишида айнан ижтимоий соҳани ривожлантириш кўзда тутилган.

Партия шунинг учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолининг ҳимояга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кафолатли тизими яратилмас экан, бу оғир ижтимоий мушкулотларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Бугунга келиб мамлакатимиз ўз тараққиётининг муҳим янги босқичига кирди. Ижтимоий сиёсат борасида истиқлол йилларидаги катта тажрибаларга суянган, мавжуд анъаналарни изчил давом эттирган ҳолда янги-янги қадамлар ташланяпти.

Жумладан, партия электорати ҳисобланган кам таъминланган, ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган аҳолимиз учун арзон уй-жойларни барпо этилиши мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларнинг инсонпарварлигини кўрсатиб турибди. Энг муҳими, бу биринчи галда аҳолининг уй-жойга ўта муҳтож қатламининг манфаатларини ўйлаган ҳолда йўлга қўйилди.Ҳозирги пайтда мамлакатимиз барча минтақаларида икки сотихли намунали қишлоқ уйларини, шунингдек, икки-уч хонали кўп қаватли уйларни қуриш жадал давом эттириляпти.

Меҳрожиддин Дархонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 98-Янгийўл сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Халқимиз ҳамиша, азалдан адолатни қадрлаб келган. Адолат аслида ижтимоий фалсафий, аҳлоқий ва ҳуқуқий тушунча. Кишилар ижтимоий сиёсий онгида катта рол ўйнайди. Адолат тушунчаси муайян тарихий шарт шароитлар ва ижтимоий иқтисодий муносабатлар билан белгиланади. Адолатнинг ижтимоий фалсафий жиҳати жамият аъзоларининг хилма хил муносабатларидаги ўзаро тенгликни назарда тутади. Аҳлоқий жиҳати инсонлараро муомалада бир хил муносабатда бўлишни, бир-бирининг иззат нафсига тегмасликни, одоб аҳлоқ қоидаларига амал қилишни билдирида. Адолатнинг ҳуқуқий томони қонунларга риоя этишни, сиёсий томони эса давлатни адолат қоидалари асосида бошқаришни англатади.

Ривожланган жамиятда адолат кишиларни демократик қонунлар асосида иш юритишни тақазо этади. Унда ҳар бир одам ўз меҳнати тадбиркорлиги, ақл заковати туфайли топган мол-мулки хисобига яшайди. Давлат ўз фаолиятида фуқаролар томонидан адолат қоидалари ва қонунларига амал қилишни назорат этади. Жамият аъзоларининг мол-мулки дахлсизлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлайди.

Очиғини айтганда, жамиятимизда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолини, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш имкониятларидан фойдаланишида айрим камчиликлар бор. Бизнинг мақсадимиз ижтимоий адолатни тўла тиклашга эришидан иборат.

Бозор иқтисодиёти муносабатлари чуқурлашган жамиятда ижтимоий ҳимоянинг аҳамияти юқори бўлиши шубҳасиз. Буни жаҳон тажрибаси ҳам исботлаб берди. Иқтисодий муаммоларни, иқтисодий инқирозни бартараф этса бўлади. Аммо ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий инқироз оқибатларини юмшатишчи? Бу жуда катта куч, вақт, энг муҳими, узоқни ўйлаб оқилона сиёсат юритишни талаб этади. Ўзбекистонда “ижтимоий тенглик” қадриятига эҳтиёж ниҳоят даражада ошиб бормоқда.

Феруза Мадраҳимова, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари, 144-Дўмбиробод сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Айрим мамлакатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига, ижтимоий масалаларига эътиборсиз қаралиши натижасида жуда катта ижтимоий танглик келиб чиққани кўпчиликка маълум. Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси давлатларида ижтимоий тенгсизлик, ишсизлик, адолатсизлик, коррупцияга қарши норозилик намойишлари бошланиб адоғи кўринмайди. Давом этаётган намойишлар сабаб ва мақсадлари билан бир-биридан фарқ қилади, аммо уларни ўзаро боғлаб турувчи айрим жиҳатлар, яъни унинг ижтимоий адолатни, қонун олдидаги тенгликни, ижтимоий ҳимояни кафолатлашни кўзлаган жиҳатлари мавжуд. Яқин Шарқ аҳолисининг 60 фоизга яқини 30 ёшдан кичикдир.

Ёшлар сони кўплиги мамлакат манфаати учун хизмат қилади. Бироқ иқтисодиёт, таълим тизими ва давлат институтлари ёшлар манфаатини қондира олмаса, улар ўз орзу-умидларини рўёбга чиқаришга йўл топа олмайди. Мисоллардан аён бўлганидек, муаммонинг келиб чиқишига ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик сабаб бўлмоқда Демак, адолатли жамият аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳамиша ҳимоя қилишни ўз зиммасига олиши шарт. "Адолат" сўзи минг йиллар давомида инсонга ҳамроҳ бўлиб келган. Асрлар давомида кишилар адолат учун курашган, мислсиз қурбонлар берган. Адолат ҳақида жуда чиройли ва узоқ гапириш мумкин. Аммо гап чиройли ва узоқ гапиришда эмас, балки ҳаётда адолатни ўрната олишда. Халқ ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди. Одил ҳукмдор, адолатли раҳбар ғояси Форобийдан тортиб Алишер Навоийгача ва яна бошқа кўп-кўп мутафаккирларимизнинг улуғ маънавий идеали бўлиб келган.

Шарқда қадимдан жуда машҳур бўлган "Сиёсатнома" деган асарда подшоҳ, ҳоким, амир ва беклар, қозию қуззотнинг, замонавий тил билан айтганда, раҳбарнинг бош вазифаси "қўю қўзиларни бўрилардан муҳофаза қилиб, ҳаром қўлларни кесиб, ер юзини ёмонлик қилувчилардан тозалаш, жаҳонни адолат ва осойишталик билан обод қилишдан иборат", деб кўрсатилган.

Бизнинг партия фуқаролар учун меҳнат қилиш, дам олиш, ҳар йилги ҳақи тўланадиган таътилга чиқиш, ишсиз бўлиб қолган тақдирда ижтимоий муҳофазага бўлган конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, инсоннинг ҳаёт таъминоти учун зарур бўлган иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг кафолатланган энг кам миқдорини жорий этиш каби ижтимоий тенглик ва адолат ғояларини қонун чиқарувчи органдаги вакиллари орқали илгари суришда давом этади.

Дилфуза Исломова, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 146-Астробод сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунё аҳолисининг 55 фоизи ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлса, атиги 29 фоизи комплекс ижтимоий таъминотдан фойдаланиш имкониятига эга. Пенсия ёшидаги кексаларнинг 68 фоизи қарилик пенсиясини олади. Бу эса кўплаб давлатларда ҳам жамғариб бориладиган, ҳам суғуртали пенсия таъминоти етарлича ривожланмаганлигини кўрсатади. Яна бир оғир муаммо тараққий топган йигирма биринчи асрда ҳам, афсуски, инсонларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи дунёнинг кўпгина минтақаларида ҳали реал ҳақиқатга айланмади. Бу, айниқса, аҳолининг 56 фоизи мазкур имтиёздан маҳрум бўлган қишлоқ жойларига тааллуқлидир. Демак, Ўзбекистонда ҳам бу борада муҳокама қилиниши, ечилиши лозим бўлган мавзулар етарли.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, партия ижтимоий демократия ғояси билан жамиятда аҳолининг ижтимоий ҳимояси сўзсиз таъминлашига ишонади. Бу ғоя аҳолининг бандлик даражасини ошириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларини ташкил этиш ҳамда ҳаётий зарур эҳтиёжларини етарли даражада таъминлашга хизмат қилади. Бунда аҳолининг ижтимоий ва пенсия таъминотини кафолатлашга ҳам муҳим аҳамият қаратилади. Бундай жамиятда ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, кўп болали оналар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа саналади. Маълумки, 2030 йилгача Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш Концепциясида дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатлари қаторига киритиш бош мақсад этиб белгиланган. Партия мазкур мақсадга эришиш тамойилларида биринчи навбатда, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳисобга олишни зарур, деб билади.

Сиёсатдаги барқарорлик ва изчиллик ҳар қандай давлатда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Буларнинг бари ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини кўтаришни кўзлаб амалга ошириляпти.

Ўз ғояларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП аҳолининг реал даромади ва бандлигини изчил амалга ошириш орқали фаол ижтимоий ҳимоя, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва соғлиғини муҳофаза қилиш йўналишидаги давлат тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли яшаш шароитлари яхшиланишини таъминловчи арзон уй-жойлар қурилиши, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни рўёбга чиқариш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш истиқболлари ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби йўналишларда ўз дастурлари билан фаол иштирок этади.

Сайловда Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирамиз!

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top