Ўзбекистон | 22:47 / 29.11.2019
7032
3 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирлиги ҳисоботи эшитилди: вазирлик 2та топшириқни бажармаган

29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2019 йил тўққиз ойи мобайнидаги фаолияти ҳақида ҳисобот эшитуви ўтказилди.

2019 йил давомида Транспорт вазирлиги зиммасига  62та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, шундан 2019 йилнинг 9 ойи давомида 33та топшириқ бажарилиши белгиланган. Вазирлик томонидан тақдим қилинган маълумотларга асосан ва ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, бажарилиши лозим бўлган 33та топшириқларнинг 31таси ижро этилган.

Жумладан, 2019 йилнинг I, II ва III чоракларида 72та йўловчи ташиш автомобиль йўналишларини очиш белгиланган бўлиб, амалда 73та йўловчи ташиш автобус йўналишлари ташкил этилган.  Шунингдек,   2та автостанцияда қурилиш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш вазифаси белгиланган бўлиб, ҳисобот даврида 5та автостанцияда қурилиш ишлари ҳамда 2та автостанцияда реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган. 

Бундан ташқари, республика транспорт-логистика комплекси ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалий чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг I-III чорагида бажарилиши лозим бўлган 33та топшириқнинг 2таси бажарилмагани аниқланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновлари тўғрисидаги Битим лойиҳасини 2019 йилнинг III чорагида келишиш белгиланган. Ушбу йўналишдаги ишлар   якунланмаган ва Транспорт вазирлиги томонидан ҳужжат лойиҳасининг охирги матнини келишиш ҳамда икки давлат Авиация маъмуриятлари ўртасида имзоланишини жорий йилнинг октябрь ёки ноябрь ойларида ташкил этиш юзасидан таклиф хати тайёрланиб, Ташқи ишлар вазирлигига юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Греция Республикаси ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновлари тўғрисидаги янги Битим лойиҳасини 2019 йилнинг III чорагида келишиш белгилаб ўтилган. Мазкур ҳужжат лойиҳасини келишиш ишлари тўлиқ якунланмагани аниқланди.

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Махкамов ҳисоботни ўқиб эшиттириш давомида жаҳон банкининг LPI (Логистика самарадорлигининг индекси методологияси)га мувофиқ республиканинг транспорт-логистика комплекси аҳволини баҳолаш тизимини жорий этилишига оид маълумотларни тақдим этди. 

«Жаҳон банкининг 2018 йилдаги ҳисоботига кўра ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 163та давлат орасида 99-ўринни эгаллади. 

LPI индексининг 6та асосий омиллари мавжуд. Унга кўра, божхона самарадорлиги бўйича 140-ўринда, инфратузилма сифати бўйича 77-ўринда, халқаро ташувларни амалга оширилишининг соддалиги бўйича 120-ўрин, логистика қамрови бўйича 88-ўрин, юкларни кузатиш бўйича 90-ўрин, юкларни етказиб бериш муддатига риоя этиш бўйича 91-ўрин эгалланди», - дея Илҳом Маҳкамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид