Жаҳон | 22:40 / 01.12.2019
14341
2 дақиқада ўқилади

Эроннинг аксарият қисмини заҳарли тутун қоплаб олди 

Фото: AP 2019

Эроннинг бир нечта вилоятлари, жумладан пойтахт Теҳрон вилояти кучли смогдан азият чекмоқда. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берди. 

Ҳаво ифлосланиши мамлакатнинг шимолий ва марказий қисмида болалар боғчалари, мактаблар ва университетлар ёпилишига олиб келди, спорт тадбирлари бекор қилинди. Кекса ёшлилар ва нафас олиш билан муаммоларга эга кишилардан кўчага чиқмаслик сўралган.

Теҳронда йўлларда автомобиллар сонини камайтириш мақсадида транспорт қатновининг алоҳида схемаси киритилган, Теҳрон вилоятида эса юк машиналари ҳаракатланиши тақиқланган. 1 декабрда конлар ва ҳаво ифлосланишига сабабчи бўлувчи корхоналар иши тўхтатилган.

Теҳронда ҳаводаги хавфли моддалар миқдори куб метрга 146 микрограммни, яъни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўрнатган максимал қийматдан 3 баробар кўпроқни ташкил қилган.

Об-ҳаво мутахассислари ҳаво ёмғир ёғиши кутилаётган 2 декабрдан аввал тозаланмаслигини айтишган.

Маълум қилинишича, Эронда ҳаво ифлосланиши ҳар йили деярли 30 минг ўлимга сабаб бўлади.  

Мавзуга оид