Ўзбекистон | 21:20 / 03.12.2019
6318
4 дақиқада ўқилади

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси қандай «пишитиляпти?»

3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, парламент қуйи палатасининг Давлат бюджети бошқармаси ходимлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги мутасадди раҳбарлари, солиқ маслаҳатчилари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Солиқ кодексидаги концептуал ўзгаришлар, энг аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини максимал даражада соддалаштириб, қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳаволаки нормалар, қонуности ҳужжатларини максимал даражада камайтирган ҳолда, тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида қабул қилинади. Шу боис, лойиҳада барча солиқлар бўйича ставкалар (акциз солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Солиқ кодексининг янги таҳририда солиқлар ва йиғимларнинг сони, турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимларини оптималлаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, солиқларнинг 9 тури кўзда тутилмоқда.

Маълумки, 2019 йил 1 январдан эътиборан бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари, Республика йўл жамғармасига йиғимлари бекор қилинган эди.

Шу билан бирга, кичик корхоналар (товар айланмаси 1 млрд. сўмгача бўлган) учун айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақлаб қолинмоқда. Давлат божлари, айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар (алкоголли маҳсулотлар) ва ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонус каби тўлов турлари Солиқ кодексидан чиқариб ташланмоқда.

Бундан ташқари, кодекс лойиҳасида солиқ органларининг қонунга хилоф равишда қўшимча солиқлар ҳисоблагани ёки молиявий санкциялар қўллангани, тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча тўланган солиқлар суммалари ўз вақтида қайтарилмагани учун жавобгарлиги оширилмоқда.

Давлат солиқ хизмати органлари билан солиқ тўловчиларнинг ўзаро муносабатларини, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янада яхшилаш кўзда тутилмоқда. Бу йўлда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари такомиллаштирилмоқда. Ўз навбатида, бу амалий чора-тадбирлар инсофли солиқ тўловчиларга ёрдам бериш, энг асосийси, “хуфиёна” фаолият кўрсатадиган субъектларни аниқлашга ёрдам беради.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан қўшилган қиймат солиғи(ҚҚС)ни такомиллаштириш, фойда солиғини тартибга солувчи нормага ўзгартиришлар киритиш, харажатларнинг “иқтисодий асосланганлиги” тўғрисидаги ноаниқликларни чиқариб ташлашга доир бир қатор таклифлар билдирилди. Қатнашчилар фикрича, уларни субъектив талқин қилиш солиқ маъмуриятчилигида номақбул оқибатларга ва солиқ тўловчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин.

Тадбирда билдирилган шу каби кўплаб фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлардан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ва маромига етказишда фойдаланилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид