Ўзбекистон | 14:34 / 04.12.2019
19607
8 дақиқада ўқилади

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид қонун ҳужжатлари қонунийлик, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, одиллик, текшириш, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, шахсий дахлсизлик ва мулк дахлсизлиги принципларига асосланади.

Қонунийлик принципи

Кодексда белгиланган тартиб ва асосларда кўрсатилганидан бошқача тарзда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида иш юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиш, таъсир чораларини қўллаш мумкин эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органлар (мансабдор шахслар) Кодекс талабларига амал қилиши шарт. Ушбу органлар (мансабдор шахслар)нинг маъмурий таъсир чораларини қўллаши уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

 Қонун олдида тенглик принципи

Жисмоний шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, мулкий ёки мансабдорлик ҳолати, яшаш жойи, динга муносабати, нодавлат нотижорат ташкилотларига мансублигидан қатъи назар тортиладилар.

Юридик шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлик учун мулк шакли, жойлашган жойи, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

 Инсонпарварлик принципи

Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг шаънини ерга урадиган ва қадр-қимматини камситадиган қарорлар ва ҳаракатлар қилиш тақиқланади, шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, қўллаш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

 Одиллик принципи

Маъмурий жазо чораси одилона бўлиши, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Ҳеч қайси шахс битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

 Текшириш принципи

Ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.

Зарурат бўлганда, ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.

 Айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи

Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан шахс айби исботланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учунгина жавобгар бўлади.

Қилмишида маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши шарт.

 Шахсий дахлсизлик

Ҳеч ким асоссиз равишда маъмурий йўл билан ушлаб турилиши, шахсни ва нарсаларни кўздан кечириш учун ваколатли органга келтирилиши мумкин эмас.

Маъмурий қамоққа олиш жазоси мазкур Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда фақатгина суд қарори билан қўлланилиши мумкин.

 Мулк дахлсизлиги

Ҳеч ким ўз мол-мулкидан суд қарорисиз маҳрум қилиниши мумкин эмас. Ашёларни кўздан кечириш, ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини бошқаришдан маҳрум қилиш, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш фақат ушбу Кодекс ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган ҳолларда ва тартибда ўтказилиши мумкин.

 Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, фуқароларни онгли, интизомли бўлиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳам мувофиқ қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб, ўз ҳудудларида барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларини мувофиқлаштириб турадилар, ички ишлар органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар ҳамда уларга ҳисобдор маъмурий ҳуқуқбузарлик билан кураш олиб борувчи бошқа органлар фаолиятига раҳбарлик қиладилар.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилиши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилаётган вақт амал қилиб турган қонун ҳужжатлари асосида юритилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилаётган вақт амал қилиб турган қонун ҳужжатлари асосида юритилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилади.

 Ақли расолик

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) ижтимоий зарарли хусусиятини англаган ва уларни бошқара олган шахс ақли расо шахсдир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган вақтида ақли норасолик ҳолатида бўлган шахс, яъни руҳий ҳолатининг сурункали ёки вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёхуд бошқа хил касаллик оқибатида ўз ҳаракатининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини идрок эта олмаган ёки бошқара олмаган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

 Юридик шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлиги

Юридик шахслар ушбу Кодексда белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиладилар.

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик юридик шахснинг бошқарув органлари қарорига биноан эмас, балки унинг мансабдор шахси ёки ходимининг ташаббуси билан содир этилса ва бу ҳаракатлар ташкилот учун бирон-бир имтиёз ёки афзалликларни олиб келмаса, юридик шахс эмас, балки ушбу ҳуқуқбузарликни содир қилган шахснинг ўзи маъмурий жавобгарликка тортилади.

Битта ҳуқуқбузарлик юзасидан юридик шахс ёки унинг мансабдори тортилиши мумкин.

Юридик шахслар қайта ташкил этилганда қонунда белгиланган тартибда унинг ҳуқуқий вориси маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

Мавзуга оид