Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид қонун ҳужжатлари қонунийлик, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, одиллик, текшириш, айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, шахсий дахлсизлик ва мулк дахлсизлиги принципларига асосланади.

Қонунийлик принципи

Кодексда белгиланган тартиб ва асосларда кўрсатилганидан бошқача тарзда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида иш юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиш, таъсир чораларини қўллаш мумкин эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органлар (мансабдор шахслар) Кодекс талабларига амал қилиши шарт. Ушбу органлар (мансабдор шахслар)нинг маъмурий таъсир чораларини қўллаши уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

 Қонун олдида тенглик принципи

Жисмоний шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, мулкий ёки мансабдорлик ҳолати, яшаш жойи, динга муносабати, нодавлат нотижорат ташкилотларига мансублигидан қатъи назар тортиладилар.

Юридик шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлик учун мулк шакли, жойлашган жойи, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

 Инсонпарварлик принципи

Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг шаънини ерга урадиган ва қадр-қимматини камситадиган қарорлар ва ҳаракатлар қилиш тақиқланади, шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, қўллаш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

 Одиллик принципи

Маъмурий жазо чораси одилона бўлиши, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги даражасига мувофиқ бўлиши керак.