Спорт | 22:51 / 09.12.2019
30332
4 дақиқада ўқилади

Россия спортчилари йирик мусобақалардан четлатилди. Футболни нима кутмоқда?

Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Россия спортчиларини Олимпиада ва жаҳон чемпионатларидан четлатиш ҳақидаги қарори футболгаям тааллуқлидир. Бу ҳақда «Чемпионат.ру» нашри таҳлилий мақолани эълон қилди.

Аввалроқ, WADA ижро қўмитаси Россия спортчиларини ўз байроғи ва мадҳияси остида тўрт йил муддатга йирик халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди. Бунга Россия томонидан навбатдаги допинг қоидабузарликларига йўл қўйилиши сабаб бўлди.

WADA қарорининг футболга алоқадор муҳим жиҳати – Россия миллий жамоаси Евро-2020 турнирида иштирок этади. Шунингдек, мусобақанинг Россияда ўтказиладиган қисми ўзгартирилмайди. Аммо 2022 йилги жаҳон чемпионатида Россия миллий жамоаси бўлмайди.

Евро-2020: Россия миллий жамоаси иштирок этади

WADA ўз қарорига берган тушунтиришда Евро-2020 мусобақаси УЕФА қарамоғидаги турнир эканини ва бу ташкилот WADA кодексини имзоламаганини қайд қилди. Бундан ташқари, турнир ҳам ҳудудий аҳамиятга эга бўлиб, major events (муҳим мусобақалар) тоифасига кирмайди. Демак, Евро-2020 ўйинларининг Россияда ўтказилишига ва Россия миллий жамоасининг бу турнирда иштирок этишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Эслатиб ўтамиз, россияликлар гуруҳ босқичининг 2та ўйинини Санкт-Петербургда, 1та ўйинини Копенгагенда ўтказишади. Плей-оффга йўл олишса, ўйинлар сони янада ошиши мумкин.

ЖЧ-2022: Россия миллий жамоаси иштирок этмайди

2022 йилда ўтказиладиган Қатардаги жаҳон чемпионати саралашида Россия миллий жамоаси иштирок этади. ФИФА WADA кодексини имзолаган бўлса-да, жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари қитъаларга тегишли. Демак, россияликларнинг турнирда иштирок этишига ҳеч қандай монелик йўқ.

Аммо, Россия миллий жамоаси Қатар-2022 йўлланмасини қўлга киритса ҳам, мусобақада бўлмайди. Бу ҳақда WADA вакиллари Лозаннада ўтказилган матбуот-анжуманида хабар беришди, лекин якуний қарорни ФИФА қабул қилади. Қайд қилиш жоизки, ФИФА қанчалик қудратли бўлмасин, WADA қарорига қарши чиқолмайди.

У ҳолда Россия ўрнига Қатарга қайси жамоа боради? Нейтрал спортчилар жамоаси. Уларнинг ҳар бири мусобақада иштирок этиш учун алоҳида рухсат олиши, яъни допинг билан боғлиқ барча синовлардан ўтиши шарт. Қайд қилиш жоизки, жамоанинг номида «Россия» сўзи бўлмаслиги лозим. Шу ўринда 2018 йилда ўтказилган Пхёнчхандаги қишки Олимпиада ўйинларини эслаш ўринли. Бу турнирда Россия миллий жамоаси допинг муаммолари туфайли санкцияга учраган ва «Россиялик олимпия атлетлари» номи остида, байроқсиз ва мадҳиясиз иштирок этган эди. Бу сафар ҳам нафақат байроқ ва мадҳия, балки жамоанинг номида «Россия» сўзи ҳам бўлмайди.

Пляж футболи бўйича ЖЧ-2021: бошқа мамлакатга берилади

WADA қарорига кўра, Россия ҳудудида 4 йил давомида жаҳон чемпионатлари ва бошқа муҳим турнирлар ўтказилмайди. Агар мезбонлик аввалроқ қўлга киритилган бўлса, қайтариб олинади ва бошқа мамлакатга берилади. Демак, Россия пляж футболи бўйича жаҳон чемпионатидан маҳрум қилинади.

Чемпионлар Лигаси 2020/21 финали ва еврокубоклар: ҳеч нарса ўзгармайди

Клублараро УЕФА турнирлари major events қаторига кирмайди. Демак россиялик клубларнинг бу турнирларда иштирок этишига тўсқинлик йўқ. 2021 йилда Санкт-Петербургда ўтказиладиган Чемпионлар Лигаси финали ҳам хавф остида эмас.

Евро-2024: ҳозирча сўроқ остида

2024 йилги Европа чемпионатигача санкциялар муддати тугайди ва Россия миллий жамоасининг турнирдаги иштирокига ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Бироқ WADA УЕФА билан ҳамкорлик ўрнатиб, кодексни имзолашга мажбур қилса, ҳамма нарса ўзгариши мумкин.

Мавзуга оид