20:50 / 12.12.2019
0
6768

Британия муддатдан аввалги сайловда овоз бермоқда. Беш йилда учинчи марта

Пайшанба куни Буюк Британияда навбатдан ташқари умумхалқ сайловлари ўтказилмоқда - бу сўнгги беш йил ичидаги учинчи сайловлардир. Маҳаллий вақт билан соат 07:00да Англия, Уэльс, Шотландия ва Шимолий Ирландиядаги 650 округда сайлов участкалари очилди.

Овозларни ҳисоблаш маҳаллий вақт билан соат 22:00да бошланади. Дастлабки натижалар жума куни тонгида эълон қилиниши кутилмоқда.

Мамлакатдаги барча мактабларда, черковларда, шаҳарлар ҳокимияти биноларида ва туман кенгашларида, ҳаттоки кирхоналарда сайлов участкалари очилган.

Британия парламентининг ҳар бир депутати оддий йўл - ўз округида энг кўп овоз олиш орқали сайланади.

Октябрь ойи охирида Жамоалар палатаси навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган ва бу қарор Лордлар палатаси томонидан маъқулланганди.

Сиёсатчилар ва барча британиялик сайловчилар қаршисида турган асосий масала - «Брекзит» тақдири бўлиб қолмоқда. Бу масала қандай ҳал этилиши Британия иқтисодиёти ва Миллий соғлиқни сақлаш тизими тақдирини ҳал этади.

Сайлов участкаларига келувчилардан паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа бирор ҳужжат сўралмайди, ўз исми-шарифи ва манзилини айтиш кифоя қилади. Бир киши фақат бир марта ва бир номзод учун овоз бериши мумкин.

Кўплаб сайловчилар почта орқали овоз бериб бўлишган. Икки йил муқаддам 7 миллион сайловчи масофадан туриб сайловда қатнашганди.

Сайлов ҳуқуқига Буюк Британия фуқаролигига эга бўлган 18 ёшдан ошган ҳар бир инсон эгадир.

Овоз бериш кунида телевидение ва радио орқали сайлов тарғиботини давом эттириш тақиқланади.

Бу қоида сайлов куни ҳам тарғибот ўтказиш мумкин бўлган Америкадаги тартибга зид келади. Британиядаги қоида сайлов куни сайловларни ёритиш сайловчиларга қандайдир босим ўтказиш мумкинлиги билан изоҳланади.

Сайлов кун тартибидаги асосий масала фақат «Брекзит» эмас. Бошқа муҳим масалалар жумласига мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини молиялаш, иқтисодий тенгсизлик ва иқлим ўзгариши киради.

Сўнгги марта Буюк Британияда қишки вақтда сайлов ўтказилиши 1974 йилда рўй берганди, декабрь ойидаги сайлов эса сўнгги марта 1923 йилда кузатилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top