10:10 / 12.12.2019
20
26184

ЕОИИ: Интеграция сари «тошли йўл»

Фото: eurasiancommission.org

Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко октябрь ойида Тошкентга қилган сафари мобайнида (ҳали президент билан учрашмасдан туриб) Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлмоқчилигини сўз ўйинлари билан (атайдан ёки шошилиб) айтиб юборган эди. Бу «айтиб юбориш» кунлик суҳбатларда оддий гап бўлса-да, сиёсатда очиқ ойдин «Ўзбекистон, қани энди аъзо бўлишни тезлат!» дегандай босим бўлганини баъзи экспертлар айтиб ўтишди.

Аслида, бу каби босимлар ёки моддий рағбатлантиришлар аллақачон аъзо бўлган давлатларни ҳам четлаб ўтмаган кўринади. «Аъзо давлатларнинг ЕОИИга аъзо бўлиш тўғрисидаги қарорларига Москвадан мажбурлаш ва пора аралашуви сабаб бўлган бўлиши мумкин», – дейилган «Европа Парламентининг Тадқиқот Хизмати» ҳисоботида (2017).

Масалан, Қирғизистон учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги Россия-Қирғизистон ривожланиш жамғармаси ва 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзни кечиш иттифоққа қўшилиш битимининг бир қисми бўлган. Арманистонга эса Россия газига 30 фоиз чегирма берилган. Ундан ташқари, Арманистоннинг қўшни Озарбойжон ва Туркия билан муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг Ереванни ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи омил бўлгани ҳақида тахмин қилиш мумкин. Беларусга келсак, бу давлат ўз иқтисодини ривожлантириш учун Россиянинг нефть ва газига, шунингдек, Евросиё тараққиёт банкининг 2 миллиард долларлик қарзига таянади.

Бундан ташқари, аъзо давлатларнинг жуда кўп фуқаролари Россияда ишлаши ҳисобга олинса, Кремлнинг бу давлатларга муҳожирлар ҳақида «бир оғиз эслатиб қўйиши» ҳам қўшимча «рағбат» бўлган, албатта. Чунки, масалан, Қирғизистон ЯИМнинг 32,2 фоизи мигрантлар ҳисобига тўғри келади (2017 йилги маълумот). Бу кўрсаткич Тожикистонда 40 фоиз ва Ўзбекистонда 15 фоиз атрофида. Ҳатто, баъзи манбаларда рус музокарачилари қирғизларга иттифоққа аъзо бўлмаслик Россиядаги қирғиз муҳожирлари учун чекловларга сабаб бўлишини очиқ айтишган экан (Aslund 2013). Пул ўтказмалари ҳажми Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг учдан бир улуши сифатида ҳисобга олинса, бу Қирғизистон ҳукуматининг нозик томони бўлган (Putz 2015).

Аксинча, ЕОИИ ўрнига Европа Иттифоқи билан интеграцияни танлаган Украина, Грузия ва Молдова кабилар жазо чораларига дуч келмоқда: 2013 йил декабрь ойида Россиянинг 15 миллиард долларлик Украина давлат облигацияларини сотиб олиш ҳақидаги таклифига қарамай, ЕОИИ аъзолигини рад этган Украинанинг аҳволига гувоҳ бўлдик. Грузия ва Молдова товарларига эса эмбарго эълон қилинган.

Россия бундай тактикадан фойдаланиши АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон айтганидек, ЕОИИ авваламбор собиқ совет республикаларини Москва орбитасида ушлаб туриш ва Ғарб таъсирини камайтириш учун мўлжалланган геосиёсий лойиҳадир. ЕОИИнинг геосиёсий аҳамияти Путиннинг 2011 йилдаги баёнотида тасдиқланган эди. Унда совет иттифоқини тиклаш бўйича ҳар қандай ниятни рад этган бўлса-да, ЕОИИни «замонавий дунё қутб»ларидан бирига айлантиришни мақсад қилган эди. Бу фикр унинг ташқи сиёсатдаги амбицияси билан боғлиқ бўлиб, унинг фикрича, АҚШ ҳукмронлик қиладиган бирламчи глобал тартибни Россияга Ғарб билан тенг ҳуқуқли шерик сифатида олиш имконини бериши керак эди. Яъни Путин ҳам ўзи ҳукмронлик қила оладиган ўз «зонаси» бўлишини истаган эди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, қарор берувчи Ўзбекистон ҳукуматидан ЕОИИга аъзолик ҳақида ҳеч қандай баёнот чиқмасдан туриб, Кремлдан Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши ҳақидаги баъзи хабарлар тарқатиб турилиши ҳали иттифоққа аъзо бўлиш қарори қабул қилинмасидан олдин бошлаб юборилган «шошқалоқлик»дир. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати бу борада кучли сиёсий иродани намойиш этиб, миллий суверенитетлик тамойиллари билан иш тутади.

«Европа Парламентининг Тадқиқот Хизмати»нинг «ЕОИИ: Интеграция сари «тошли йўл» ҳисоботига таяниб тайёрланди.

Валижон Туракулов

Инҳа Университети, Халқаро Савдо йўналиши PhD номзоди

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top