Жамият | 17:01 / 14.12.2019
38776
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятида 65 киши овқатдан заҳарланди

Қашқадарёдаги гуруҳли овқатдан заҳарланиш рўй берди ва жами 65 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ўз телеграм каналида маълум қилди.

Қашқадарё вилояти Нишон туманида жойлашган «ENTER ENGINEERING PTE. Ltd» компаниясининг Ғузор туманида жойлашган UZGTL лойиҳаси асосида ташкил этилган шаҳарча ишчиларидан 2019 йилнинг 13 декабрь куни соат 8:30дан соат 16:30гача вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига 9 нафар ва Нишон ТТЁМга 2 нафар ишчи кўнгил айниши, қайд қилиш, ич тез-тез кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, совуқ қотиш каби касаллик белгилари билан мурожаат қилган, ўтказилган тиббий кўрикдан сўнг, уларга гуруҳли овқатдан заҳарланиш «Ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилиб шифохонага ётқизилгани тўғрисида бирламчи ахборот берилган эди.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошчилигида штаб ташкил этилган, Овқатдан заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан истеъмол қилган ишчилар тузилган комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. 2019 йил 14 декабрь соат 7:00 ҳолатида ўтказилган тиббий кўрик давомида яна 54 нафар ишчи фаол аниқланиб шифохоналарга олиб келинган. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 49 нафар, тез тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали Токсикология бўлимида 10 нафар, Ғузор туман ЮКШда 4 нафар, Нишон туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида 2 нафар, жами 65 нафар бемор даволанмоқда. Беморларнинг 46 нафари аҳволи енгил, 19 нафари ўртача, оғир беморлар йўқ. Дори дармонлар захиралари етарли», дейилади хабарда.

Беморлардан олинган намуналар ва заҳарланиш келиб чиқишига гумон қилинган таомдан олинган намуналарда лаборатория текширувлари давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур вазият тўлиқ назоратга олинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид