Ўзбекистон | 17:15 / 15.12.2019
7267
5 дақиқада ўқилади

Сирдарёлик сайловчилар диққатига!

Ижтимоий демократик давлат барпо этишни олий мақсад деб биладиган Халқ демократик партияси ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ва ижтимоий демократия ғояларидан иборат бўлган мафкурасини рўёбга чиқариш йўлида янги сайловларда сиёсий кураш майдонига кирди.

Партиямиз сайловда бир қатор муҳим таклиф-ташаббуслар билан чиқмоқда. Булар – ижтимоий ривожланишнинг устувор йўналишлари, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, ногиронларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, барча фуқароларни кундалик эҳтиёж товар ва хизматларидан фойдаланишини таъминлаш, уй-жой ва коммунал хизматларни сотиб олишнинг ижтимоий мақбуллиги, тиббий хизмат кўрсатишнинг ижтимоий мақбуллиги билан таъминлаш, таълим соҳасидаги ижтимоий устуворликлар, маданий-гуманитар соҳадаги тенг имкониятлар билан таъминлаш.

Сирдарё вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзодларимиз илгари сураётган режа ва мақсадлар ана шу вазифаларни ўзида акс эттирган.

Гулчеҳра Исламова, педагог, Оқ олтин туманидаги 10-мактаб директори, 72-Гулистон сайлов округидан номзод:

– Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлашни, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантиришни ҳам қамраб олади. биз ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатлашни истаймиз. Биз фуқароларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик хизматдан фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланади.

Азизахон Пайзиева, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Гулистон шаҳар бўлими раҳбари, 73-Сайхун сайлов округидан номзод:

– Биз «Нomevisits» (уйга ташриф буюриш) мактабгача таълим хизматларини янада ривожлантириш ва бу борада тегишли педагогик таълимга эга, бироқ мактабгача ёшдаги фарзанди тарбияси билан машғуллиги туфайли ишламайдиган аёлларнинг муносиб иш ҳақи олишларига имкон бериш тарафдоримиз. Улар мактабгача таълим тарбиячилари сифатида, жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйига ташриф буюриш дастури доирасида болаларга мактабгача таълим бериш билан шуғулланишлари, уларни ёзиш, расм чизиш, нарса ясаш асосларига ўргатишлари мумкин. Бу борада Ўзбекистон ХДП жойлардаги халқ таълими бошқармалари, хотин-қизлар қўмиталари билан илгари имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар доирасида фаол ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Нуриддин Усманов, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, Сирдарё вилояти молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 74-Янгиер сайлов округидан номзод:

– Партиямиз, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларини тарбиялаётган ота-оналар, ижтимоий аҳволи оғир бўлган аёллар, фарзандларини тўлиқ бўлмаган оилаларда тарбиялаётган ва яшаш шароитларини яхшилашга ҳаракат қилаётган кам таъминланган оналар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастурларини кенгайтиришга ҳам эришади. Биз бу борада имтиёзли ипотека кредит бериш амалиётини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз. Ва биз уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий маъқбуллик даражасини оширишга эришмоқчимиз!

Жамолиддин Ташкулов, молиячи, “Туронбанк” акциядорлик тижорат лойиҳаларни молиялаштириш департаменти директори, 75-Боёвут сайлов округидан номзод:

– Партиямиз юртдошларимизнинг меҳнати юқори баҳоланиши, меҳнатига яраша ҳақ олиши ва тадбиркорлик субъектларининг ўртача иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишини рағбатлантириш зарур, деган ташаббусни илгари суряпти. Иш ҳақининг юқори бўлиши аҳолининг моддий шароитини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида ошириш баробарида иқтисодиёт ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Шуни инобатга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш ниҳоятда долзарб вазифадир. Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юқори маошли иш ўринлари билан таъминлаш қандай имтиёзлар асосида амалга оширилишини белгилаш зарур, деб ўйлаймиз.

Ҳурматли сайловчилар!

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз берсангиз, энг мақбул, энг ишончли йўлни танлаган бўласиз. Биз юксак ишончингизни оқлаш учун қатъий курашамиз. Номзодларимизга овоз беринг!

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

Мавзуга оид