Жамият | 22:05 / 19.12.2019
75768
2 дақиқада ўқилади

Парламент – нима у? Депутат дегани ким?

Халқ ишонч билдириб, «биздан вакил бўлади» деб ўз ичидан танлаб-сайлаб олган кишиларнинг мажлиси бу – парламент.  Демак, парламент бу – ишонч билдирилган кишилар йиғини. Шунинг учун уни «парламент» эмас, балки «ишонч уйи» деб атаса ҳам бўлади. Зеро бу бино ичидагилар ишончни оқлашга уринишади.

Аммо... бунинг шарти бор!

Шарт шуки, парламент мана шундай парламент бўлиши учун унга вакил танлаш жараёни, яъни сайлов – ҳақиқий сайлов бўлиши керак. Бунинг учун сайловчилар ростдан ҳам ўз ичларидан энг лойиқ кишиларни, ақлли, доно, масъулиятли, ишонса бўладиган кишиларни танлаб олишлари ва парламентга жўнатишлари лозим.

Ва кейин ҳам – уларни вакил қилганларидан сўнг ҳам улар билан мулоқот қилиб туришлари, ҳисобот сўраб туришлари керак. Шундагина парламент ҳақиқий парламент бўлади. Халқнинг ўзига хос юраги бўлади.

Кўряпмизки, парламент ҳақиқатдан ҳам халқ вакиллари мажлиси бўлиши учун халқнинг ўзи фаол бўлиши керак экан. Халқ фаол бўлмаса, сайлов сайлов бўлмайди, нолойиқ, «халқ вакили» деб атаб бўлмайдиган кишилар парламентга равона бўлишади. Натижада халқнинг ҳаёти яхшиланмайди, парламентни эса «ишонч уйи» деб атаб бўлмайди.

Демак, халқнинг ҳаётига доир қонун-тартиблар ишлаб чиқиладиган жой – парламентнинг қандай жой бўлиши халқнинг ўзига бевосита боғлиқ экан. Одамлар сайловларга, қандай кишиларни сайлаётганликларига бефарқ бўлишса, вакил бўлишга лойиқ кишиларни қўллаб-қувватлашмаса, нолойиқ номзодларни саволлар билан тергаб, шу асносида уларни фош қилишмаса, унда... жамият ҳаётини тартибловчи қоидалар – ҚОНУНларни ишлаб чиқувчи идора – парламент яхши парламент бўлмайди. Халқнинг ҳаёти эса яхшиланмайди.

Мавзуга оид