Ўзбекистон | 09:20 / 20.12.2019
61765
3 дақиқада ўқилади

Прописка тизимида жиддий ўзгариш кутилмоқда

ID карталар орқали прописка тизимига буткул барҳам бериш режалаштирилмоқда.

2021 йилга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий ва вақтинчалик прописка қўйиш тартибида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳамедов Kun.uz`га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Дониёр Тошхўжаев:

– Биз ҳам ОАВдаги аҳоли мурожаатлари, фикрларини ўрганиб борамиз. Бу масалани бир куннинг ўзида ҳал қилишнинг ўзи нотўғри бўлади. Масала узоқ таҳлилларни талаб қилади.

Улуғбек Муҳамедов:

– Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка масаласи аввало қонун билан тартибга солинган. Бу қонунни тартибга солиш эса ўрганишларга асосланган. Айтиб ўтганингиздек, бу масалада мурожаатлар жуда кўп.

Нима учун Тошкент шаҳрига прописка ёпиқ? Бироз изоҳ бермоқчиман. Прописка ёпиқ, деган ибора сал ноўрин, деб ҳисоблайман. Сабаби қонун билан тартибга солинган 12та модда бор. Унга кўра, кимлар пропискага ўтиши белгилаб берилган.

Президентнинг 2018 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4079-сонли қарори билан, 2021 йилдан республика ҳудудида персоналлаштирилган ID карталар жорий қилинади.

Ҳозирда ривожланган хорижий давлатлар тажрибалари ўрганилмоқда. ID карталарни киритиш чоғида прописка масаласини ҳам соддалаштириш режалаштирилмоқда.

Дониёр Тошхўжаев:

Дониёр Тошхўжаев

– Бу масала ҳозирда тегишли вазирликлар томонидан ўрганилмоқда. Масалан, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар. Улар нимани ўрганмоқда? Дейлик, биз пропискани очиб қўйдик. Миллионлаб фуқаро Тошкентга келади ва табиийки, давлат ўша фуқаролари олдидаги мажбуриятларини бажариши керак бўлади. Яъни мактаб ўқувчилари мактабга, боғча ёшидагилар боғчага жойлашиши, фуқаролар ишга жойлашиши, тиббий ва бошқа хизматлардан фойдаланиши керак. Вазирликлар эса бу борада имкониятларни ўрганмоқда.

Мен бу ўрганишларнинг якуний муддатини аниқ айтолмайман, лекин энг узоғи 2021 йилгача, яъни ID карталарга ўтиш пайтида бу масала ҳал бўлган бўлади.

Улуғбек Муҳамедов:

Улуғбек Муҳамедов

–  Аксарият ривожланган давлатларда ID карталар тизими амал қилади. Паспорт эса фақат хорижга чиқишда керак бўлади.

Саволни аниқ бердингиз, прописка тизими қачон бекор қилинади? Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман, бизга прописка тизимини бекор қилиш масаласи қўйилган, лекин қайд қилиш масаласи бор. Барча вазирликлар имконияти ўрганиб чиқилгач, ID карталар орқали фуқароларга енгиллик яратилади. Бу тизим орқали прописка тизимини тўла йўқотиш назарда тутилган.

Суҳбатни тўлиқ шаклда тез орада сайтимиз орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид