15:10 / 24.12.2019
0
55147

Осмонни ўпган шаҳар. Чексиз океан бўйидаги Токиога фотосаёҳат

Дунёда шаҳарлар кўп. Чиройли, катта, гавжум... Улар орасида ўзгача деган сўзни саноқли шаҳарларга нисбатангина ишлатиш мумкин. Япония пойтахти Токиони ана шундай ўзгача шаҳарлар сирасига киритса бўлади. Тақдир тақозоси билан Япониянинг ажойиб пойтахтига сафар қилиш бахти насиб қилди. Сафар давомида имкон борича олган суратларимизни сизга ҳам илиндик... 

Токиога илк марта борган одам шубҳасиз, ўзгача дунёга тушиб қолгандек бўлади. Тўрт томонда кўп қаватли йўллар (ҳа, йўллар, уйлар эмас), мусиқали пиёдалар ўтиш йўлкаси, одамлардан ҳам кўпроқдек туюладиган назорат камералари ва албатта, одам тўла кўчалар! Токионинг осмонўпар биноларини интернетда кўп кўрган бўлсангиз керак, келинг, биз бу ажойиб шаҳарнинг оддийроқ кўринишига назар солсак. 

Токиони осмонўпар бинолар шаҳри дейишдан кўра одамлар шаҳри десак, тўғрироқ бўлади. Ахир ҳамма шаҳарлар ҳам одамларники-ку, дейишингиз мумкин, аммо Токиода келишингиз билан биринчи кўзга ташланадиган жиҳат кўчаларнинг одамлар билан тўла экани. Одамларнинг кўчаларни тўлдириб юришлари Япониянинг белгиларидан бирига айланиб улгурган. Токиода 14 миллионга яқин одам яшайди. 

Масалан, япон «пешеходлари» сайёҳлар учун диққатга сазовор жойга айланиб улгурган. Сибуядаги машҳур пиёдалар йўлкаси ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У ерда 7 та йўлнинг кесишмаси бор ва барча томондан одамлар бир вақтда йўлнинг нариги томонига ўтади. Бу йўлакни сайёҳлар томоша қилиши учун махсус майдончалар ҳам қилинган. 

Япон миллати ҳақида илк тасаввурларим машҳур «Ошин» фильмидан сўнг пайдо бўлган. Японлар чиндан худди ўша фильмдаги каби хушмуомала эканига гувоҳ бўлдим. Қаерга борсангиз, ким билан гаплашманг ўзингизга бўлган ҳурматни сезиб турасиз. Айтайлик, борган кунимиз симкарта сотиб олдим. Уни ҳар хил дастурлар орқали ўрнатиш учун 15-20 дақиқача вақт кетди. Иккита сотувчи ҳафсала билан менга ёрдам берди ва жараён чўзилиб кетгани учун узр ҳам сўрашди. Худди ўша фильмдаги каби эгилибгина... 

Япониянинг энг машҳур биноси Skytree телеминораси. Афсуски, у ерга борган кунимиз ҳаво булутли ва туман эди. Шу боис Токиони 643 метр баландликдан кўриш насиб қилмади. Миноранинг ярми ҳам кўринмаётганди туман сабаб. Шундай бўлса-да, миноранинг тепасига чиқиш учун чипта сотиб олиш учун кассага бордим. Аммо ҳар қанча ғалати туюлмасин кассадаги қиз мени чипта олиш фикрида қайтарди. У тепада фақат булут кўринишини, бекорга пул сарфлаганим қолишини айтди. Мантиқан олиб қараганда кассадагилар кўпроқ чипта сотиши керак, аммо уларга асосий вазифа сифатида Токио меҳмонлари бу шаҳардан ёмон таассурот билан қайтмасликлари қўйилган кўринади. 

Токио метроси ҳақида алоҳида гапириш мумкин. Дунёдаги энг катта метролардан бири бўлган Токио метросининг харитасини кўрганда унда бирор ерга бориш жуда мураккаб деб ўйлаш мумкин, аммо аслида бу метрополитендан фойдаланиш жуда қулай. Ҳар бир станциянинг кираверишида метро харитаси бор. У инглиз ва япон тилларида ёзилган. Станциялар рақамлар билан белгиланган ва алоҳида ранг билан бўялган. 

Қаерга боришингизни билсангиз, асло адашиб кетмайсиз. Кўп қаватли бекатларнинг ҳар бирида турли йўналишлар бўйича метрога чиқиш мумкин. Агар Японияда Skytree минорасига бормоқчи бўлсангиз, «Oshigae» станциясини топинг. Шундоқ чиқишингиз билан қаршингизда маҳобатли Токио минораси кўринади. Унинг атрофидаги кўчаларда Skytree қаерда эканини кўрсатадиган белгилар жуда кўп. 

Токио метроси поездларнинг тез келмаслиги билан Тошкент метросига ўхшаб кетади (масалан, Москва метросида кундузлари поездни одатда бир дақиқа ҳам кутмайсиз). Метро нархи бир хил эмас, қайси бекатга боришингизга қараб турли нархлар белгиланган. Skytree`гача 10 та станция юриш керак бўлди ва бу учун 250 иенага чипта сотиб олдим. Бу тахминан 2,2 АҚШ доллари дегани. Бу ўртача нарх, қимматроқ ва арзонроқ йўналишлар ҳам бор. 

Сафаримиз давомида Токио кўчаларида Ўзбекистон байроқлари осиғлиқ турганини кўриш ёқимли бўлди. Чунки ўша вақтда президент Шавкат Мирзиёев Японияда расмий ташриф билан бўлиб турганди. 

Самолётга чиққанда эса Яратганнинг қудратига яна бир бор гувоҳ бўлишингиз мумкин... Токио тубсиз ва чексиз Тинч океани соҳилида жойлашган. Учоқ осмонга кўтарилиши билан қуруқликнинг охирида эканингизни кўрасиз. Сайёрамиз чиндан думалоқ экани билинади. Кўз ўнгингизда уммон сирти думалоқ Ерда муаллақ турганини кўриб, ҳайратда қоласиз. Ердан қараганда осмонга туташиб кетгандек кўринадиган Токионинг осмонўпар бинолари кўзингизга кичкина бўлиб кўринади. Маша шундай ажойиб шаҳар Токио. Агар у ерга бориш имкони туғилса, асло ўтказиб юборманг. Дарвоқе, келаси йил ёзда Токиода ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилади... 

 Ўткир Жалолхонов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top