Ўзбекистон | 15:06 / 25.12.2019
66679
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура ва ДХХ ходимларининг дахлсизлиги қисқартирилди

Фото: prokuratura.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги 746–ХII-сонли Қонуни 49-моддасининг (Прокуратура органлари ходимининг дахлсизлиги) иккинчи қисмидаги «маъмурий ҳуқуқбузарлик ва» деган сўзлар чиқариб ташланди.

Ҳужжатга кўра, бундан буён прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги ЎРҚ–471-сонли Қонуни 37-моддасининг (Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари) учинчи қисми чиқариб ташланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари фақат Давлат хавфсизлик хизмати раисининг, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин экани бекор қилинди.

Бундан олдин, Сенатнинг 25-ялпи мажлисида сенаторлар «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқуллагани хабар берилганди.

Мавзуга оид