2019 йилги қабул мавсумида кузатилган камчиликлар 2020 йилда такрорланмайди — ДТМ
2019 йилги олий таълим муасссасаларига қабул мавсумида кузатилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун абитуриентларга Давлат тест маркази расмий сайти орқали бевосита рўйхатдан ўтиш имкониятини тақдим этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Бу ҳақда ДТМ бўлим бошлиғи Улуғбек Норалиев 28 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
«2019 йилда бўлиб ўтган қабул жараёнларида ота-оналар ҳамда абитуриентларнинг эътирозларига сабаб бўлган айрим ҳолатлар юз берди. Хусусан, қабул жараёнининг сўнгги ҳафтасида улкан навбатларнинг вужудга келгани ижтимоий тармоқларда ҳам, ОАВда ҳам кенг ёритилди.
2020 йилдан бошлаб мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида абитуриентларнинг ўзларига ДТМ расмий сайти орқали бевосита рўйхатдан ўтиш имкониятини тақдим этиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Бу борада дастурий таъминот деярли якунланиб бўлди. Сайтдан ташқари, қўшимча равишда мобил илова ҳам ишлаб чиқилаяпти. Яъни, абитуриент бемалол телефонидаги илова орқали рўйхатдан ўтиб, ўзи истаган ОТМга ҳужжат топшириши ва белгиланган куни тест синовларида иштирок этиши мумкин бўлади», дейди Улуғбек Норалиев.
Тадбирда сўнгги йилларда ДТМ билан боғлиқ кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётгани, шулардан бири абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш масаласи эканлиги таъкидланди.
Мутасаддилар аввалги йилларда абитуриент ҳужжат топшириш, рухсатнома олиш, тест синовида қатнашиш учун бир неча марта ОТМга бориши керак бўлгани, 2019 йилдан бошлаб рўйхатдан ўтишда экстратерриториаллик тамойилини жорий қилингани, натижада абитуриентларга яшаш жойи ёки ОТМ жойлашган ҳудуддан қатъи назар, ўз ҳудудидаги давлат хизматлари марказлари ёхуд ўзига яқин ОТМда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилганига алоҳида урғу беришди.
Мавзуга оид
14:39 / 26.07.2020
«ДТМ ўзгармаса, фойдаси йўқ» — таълимдаги икки имтиҳон бирлаштирилиши ҳақида эксперт билан суҳбат
15:53 / 23.07.2020
8660 та чет тили сертификатининг 581 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланди – ДТМ
13:08 / 22.07.2020
Бу йилги энг ёш абитуриент 13 ёш, энг каттаси эса 95 ёшда
14:15 / 19.07.2020