Жамият | 12:41 / 30.12.2019
57971
2 дақиқада ўқилади

Олимлар ўзбек оилаларида ажримлар сони ортиши эҳтимолидан огоҳлантирди

Ўзбек оилаларида ўзаро тушуниш, ҳиссий интилиш ва ўзаро ҳурмат каби омиллар 1990 ва 2010 йилларга нисбатан бугунги кунда пастлаб бормоқда.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот марказидан Kun.uz'га маълум қилишларича, марказнинг сўнгги тадқиқотларидан ана шундай хулоса келиб чиққан.

Тадқиқот ўтказган олимларнинг изоҳ беришича, 1990, 2010 ва 2019 йилларда ўзбек оилаларида эр-хотин ўртасидаги «ўзаро ҳурмат», «ҳиссий интилиш» ва «ўзаро тушуниш» каби омилларнинг динамикаси ўрганилган бўлиб, натижалар йиллар кесимида таққосланганда фарқлар намоён бўлган.

Эр-хотин муносабатларидаги бундай муҳим омилларнинг кўрсаткичлари пастлаб бораётганига асосий сабаблардан бири, психологларнинг фикрича, ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёрлаб борилмаганидир. Яъни ота-оналар оилада шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, мустаҳкам оилани барпо этиш ҳамда оилада соғлом муҳитни яратиш учун зарур билимларни ўз фарзандларига етарли даражада ўргатишмаяпти.

Тадқиқотчилар, агар бундай ҳолат давом этаверса, ўзбек оилаларида ажримлар сонининг ортиши, низоли вазиятларнинг кўпайиши, қолаверса, никоҳдан ташқари муносабатларнинг ортиб бориши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.

«Бундай ҳолатни ҳар бир оила аъзоси онгли равишда англаб етиши ва огоҳ бўлиши, сергаклик билан ўз вазиятига ўзи баҳо бера олиши муҳим аҳамиятга эга», – дейилади «Оила» илмий-амалий маркази хулосасида.

Маълумот учун, 2019 йилга қадар Ўзбекистонда 10 йил давомида оилавий ажримлар сони икки баробарга ошган. 2008 йилда 16 мингдан ортиқ никоҳдан ажралиш ҳоллари қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 32 мингдан ортиб кетган. 2019 йилда эса ажримлар сони ўсишдан тўхтаб, 23 мингга тушгани айтилмоқда.

Мавзуга оид