Республикамизда турли соҳаларда статистик маълумотлар юритилади. Уларнинг айримлари юзасидан мажлислар ўтказилади, раҳбарларнинг фаолиятига баҳо берилади, кимлардир шу рақамлар ортидан ишдан олинади, яна кимлар учундир қўшимча чора-тадбирлар ва вазифалар белгиланади.

Бироқ иқтисодий соҳани қўя турайлик, ижтимоий ҳаётдаги айрим соҳаларда юритилаётган статистика ва таҳлиллар учун чора кўрилиши, уларни бартараф этиш юзасидан турли кераксиз мажлислар ўтказилишини ёқламайман. Инсонлар ҳаёти ўйинчоқ эмас-ку?

Айтмоқчи бўлганим — жиноятчилик ҳамда оилавий ажралишлар масаласида имкон қадар кичикроқ рақамли статистикани таъминлашга бўлган интилиш ҳақида.

Нега?

Чунки айнан мана шу соҳаларда рақамларга қараб иш кўриш кўзбўямачилик, сохтакорликни келтириб чиқармоқда. Пастроқ рақамлар талаб этилиши соҳада жиноятчилик камайиши эмас, аксинча — янада илдиз отиши учун хизмат қилмоқда.

Фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Масалан, ички ишлар органлари олдига ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик кўламини камайтириш масаласи қўйилган. Қайсики ҳудудда жиноятчилик даражаси катта бўлса, ўша ҳудуддаги раҳбарларга чора кўрилмоқда ва ёки аксинча. Айрим ҳудудларда бир йилда бирорта жиноят рўй бермагани ҳақида маълумотлар ҳам матбуотда кўз-кўз қилинмоқда.

Аслида ҳам вазият чиндан ҳам яхши томонга ўзгарганми? Ундай дейиш жуда қийин, фикримча.

«Тоза» статистика ортидан қувиш — майда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг қасддан қайд этилмаслигига олиб келмоқда. Ички ишлар идораларида ишловчи дўстларимизнинг айтишича, вазият шу даражага етганки, ўғирлик қилган, енгил ва оғир тан жароҳати етказилган ҳолатларда ушбу жиноятни қайд этиш, экспертизадан ўтиш учун йўлланма бериш ўрнига, ички ишлар органлари низолашаётган томонларни яраштириб қўйишга мажбур бўлишмоқда. Албатта, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган бу шароитда коррупция учун ҳам кенг йўл очилади.

Бу билан кўзланган самарага эришиш мумкинми? Албатта йўқ. Чунки жазо муқаррарлиги йўқолмоқда. Кичик жиноятлар учун ҳеч қандай жазога лойиқ кўрилмаслигини кўрган, сезган инсонлар ўша қилмишларини такрорламайди деб ўйлайсизми? Бундай адолатсизлик жамиятда норозилик уйғотади, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ишончсизлик вужудга келтиради, уларнинг обрўси пасайишига олиб келади.

Кўпчилик, масалан, маълум бир жиноятлар учун жазо чоралари қаттиқлаштирилса, ўша жиноятнинг олди олинади, деб ҳам ўйлайди ва шундай таклифлар ҳам беради. Ҳатто баъзи жиноятлар учун ўлим жазосини таклиф қиладиганлар бор, гўёки шундай қилибгина, унга қарши курашиш мумкин.  Аммо, бу ҳам нотўғри.