Ўзбекистон | 21:00 / 31.12.2019
139485
9 дақиқада ўқилади

Отабек Нуритдинов ким ва у нега қамалди?

30 декабрь куни Facebook'да Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабат билдириб келган Абдуфатто Нуритдинов 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ички ишлар ва прокуратура идоралари юқоридаги фактни тасдиқлади. Расмий маълумотга кўра, туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланган блогер Андижон вилояти маъмурий судининг 30 декабрдаги қарорига асосан БҲМнинг 60 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Отабек Нуритдинов ким?

Абдуфатто Нуритдинов Андижон вилояти Асака шаҳри, Ибн Сино маҳалласи Шинам кўчасида яшайди. Facebook'да Отабек Нуритдинов номи остида аккаунт юритади.

У фейсбукда Андижон вилояти ижтимоий соҳаларидаги камчиликлар ҳақида ёзиб келган. Тизим раҳбарлари ҳақида кескин фикрлар билдириб, халқ таълими, мактабгача таълим, йўл муаммолари ва бошқа мавзуларда танқидий постлар ёзиб борган.

Сўнгги кунларда у Жалақудуқ туманида яшовчи  аҳоли вакилларининг 22 декабрь куни ўтказилган сайловлар натижасидан норозилиги ифодаланган видеолавҳаларни улашган.

У қайси айби учун жазога тортилди?

Андижон вилоят ИИБ Абдуфатто Нуритдиновга 15 сутка қамоқ жазоси тайинланиши бўйича батафсил маълумот берди.

«Фуқаро Э.Якубов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, Facebook’ ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгаси томонидан уни обрўсизлантирувчи, асоссиз ва туҳматдан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлигини, шу сабабли «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгасига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, фуқаролар М.Исақова ва Ф.Бузруков ҳам «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгасига нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилиб, М.Исақова ўзининг шикоятида жорий йилнинг 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, у ва унинг жамоасини «коррупцион ўчоғ» деб ҳақорат қилганини билдириб, туҳмат ва ҳақорат қилингани, Ф.Бузруков эса ўзининг профили орқали «33 миллион киши биттадан туфласа ҳам туфугига чўкиб ўласан, ойнага бир қарагин яхшилаб эътибор бериб қарагин» деб ушбу профилга уни тасвирлаб, шахсиятига тегувчи «чўчқа» расмини жойлаб, уни қаттиқ ҳақорат қилганлигини билдирган. 

Бундан ташқари, А.Нуритдинов, жорий йилнинг 30 декабрь куни соат 10:30да жамоат жойи ҳисобланган Асака тумани Молия бўлимининг маъмурий биноси ёнида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳокимият ва давлат идораларининг вакилларига ноўрин талаблар қўйиб, фуқаро Б.Қоҳҳоровни уятли сўзлар билан сўкиб, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаро А.К. Нуритдинов томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-(туҳмат), 41-(ҳақорат) ва 183-(майда безорилик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда маъмурий судга юборилган.

2019 йилнинг 30 декабрь куни иш юзасидан Андижон вилояти маъмурий суди қарорига асосан, фуқаро Нуритдинов Абдуфатто Камолитдиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавробгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси; 41-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий жазо белгиланиб, бироқ, ушбу жазолар Кодекснинг 34-моддаси қўлланилган ҳолда узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган», дейилади маълумотда.

Асака туман прокуратураси ҳам бу борада расмий маълумот берди.

«Асака туман прокуратураси томонидан Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган, Асака тумани, Ибн Сино МФЙ, Шинам кўчаси, 23-уйда яшовчи фуқаро Нуриддинов Абдуфатто Камолитдинович Асака туман ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги аниқланди.  

Ўрганиш давомида, А.Нуриддинов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси, ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Андижон вилояти маъмурий судининг 30.12.2019 йилдаги қарорига асосан А.Нуриддиновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, мазкур кодекснинг 41-моддаси билан 30 баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.  

Бундан ташқари, суднинг қарорига асосан А.Нуриддиновни қамоқда бўлган ҳар бир куни учун 33 450 сўм миқдорида, жами 501 750 сўм қамоқда сақлаш харажатлари ундирилиши белгиланган. 

Шунингдек, мазкур қарорни ижро қилиш Андижон шаҳар ИИБ зиммасига юклатилганлиги маълум қилинади», дейилади прокуратура хабарида.

«Отабек Нуритдинов»нинг оила аъзолари нима дейди?

Абдуфатто Нуритдиновнинг оила аъзолари билан Андижон вилоят маъмурий суди биноси ёнида учрашдик. Улар суд қарорини олиш учун келишган экан.

«Отабекни 30 декабрь куни Асака туман молия бўлимига, «Сиз сўраган ҳужжатлар тайёр бўлди», деб чақиришган. У соат ўнда ўша ерга борса, унга ўша ердаги ходимлардан бири, «Мана сен сўраган маълумотлар», деб унинг бетига отибди. Отабек, «Нима қиляпсизлар?», деса  молия бўлимидагилар бир-бири билан уришиб,  жанжал кўтаришган. Сўнг Отабекни, майда безорилик, ҳақоратда айблаб машинага солиб, ИИБга олиб кириб кетишибди. Менга бу ҳақда ўша ерда бўлган молия ходимларидан бири гапириб берди. У одамнинг хавфсизлиги нуқтайи назаридан исми-шарифини айта олмайман», дейди онаси Матлубахон Қурбонова.

Унинг опаси ҳам фикрларини билдирди.

«Ноҳақлик бўлди. Агар оддий ҳолатда фуқаро ҳуқуқбузарлик юзасидан мурожаат қилса, ўн-ўн беш кун иш кунида кўриб чиқишади. Отабек укам ишида бўлса, бир-икки соатни ичида барча далил-исботларни тайёр қилишган. Асака қолиб, Андижондаги судга олиб келишибди. Қарорни кўрдик, у молия бўлими биносида бировни урган бўлса, суд мед-экспертиза таҳлиллари қани?», дейди опаси Моҳирахон Нуритдинова.   

Отабекнинг онасига кечки соат 7ларда  МФЙ орқали «Ўғлингизнинг машинаси молия бўлими орқасида турибди», деган хабарни айтишади.

«Машинани олгани борганимда, «Асака туман ИИБ жиноят-қидирув бўлинмаси ходими Сирожиддинга учранг», дейишди. Борганимда ИИБ ходими, «Ўғлингизни майда безорилик, ҳақорат учун олиб кириб қўйдик. Ҳозир Андижонда судда», деди. Мен ходимга фарзандим ундай безорилик қиладиган йигитлардан эмаслигини айтдим.  Андижонга борай, десам бугун-эрта келинимнинг кўзи ёрийдиган. Уни ёлғиз ташлаб кета олмадим», дейди Матлубахон Қурбонова.

Маъмурий суд биносига турмуш ўртоғидан хавотир олиб, унинг рафиқаси Нилуфар Зиёвуддинова ва икки қизи – Сафия ва Осиё ҳам бирга келган эди.

Абдуфатто Нуритдиновнинг онаси яна Асака туман ИИБ жиноят-қидирув ходими унга ўғлининг қамалишига қандай изоҳ берганини айтди.

«Ходим «ўғлингизга анчадан бери материал йиғилган, Отабек Нуритдинов интернетдаги постларида одамларни ҳақорат қилиб келяпти. Бугунги иш қўшимчаси бўлибди. Сизга телефон қилиб яна маълумот бераман», деди. Лекин телефон қилишмади. Ўғлимнинг машинаси ичида кимлардир давлат мулкини талон-торож қилгани тўғрисида ҳужжатлар бор эди. Ҳеч нарса қолмабди. Отабек Россияда ишлаб келган. Айни пайтда ҳеч қаерда фаолият юритмас эди. Уйларимиз бузилди. Қурилиш ишлари билан банд эди», дейди у.

Шу пайтда блогернинг опасини Маъмурий суд биносига чақиришди. Бир муддатдан сўнг ичкаридан чиққан Моҳирахон Нуритдинова суд раисининг ёрдамчиси унга Абдуфатто Нуритдиновни товон пули тўлаб олиб чиқиб кетиб бўлмаслиги ва икки ой муддат ичида қайта кўриб чиқишга ариза ва шикоят бериш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтиргани ҳақида айтиб берди.

Facebook'да аккаунт юритган фуқаронинг оиласи унинг аҳволидан хабар олиш ва шикоят-ариза тайёрлаш учун адвокат ёллашини айтишди.

Айни пайтгача ўрганишларимиз бўйича мана шу маълумотларга эга бўлдик. Воқеалар ривожини кузатамиз.    

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид