10:50 / 05.01.2020
10
59890

«Одамлар нима дейди?» — кимўзарга тўйчивонлик ва маъракабозлик ҳақида уч ҳикоя

2020 йил 1 январдан Олий Мажлис палатаси Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги низом кучга кирди.

Тўй-маъракаларни тартибга солиш бўйича ҳукумат даражасида қарорлар қабул қилинаётганининг ўзи жамиятимизда палак отган тўйчивонлик ва маъракабозлик иллатига барҳам беришни мақсад қилган.

Келинг, тўй ва маъракалар айни пайтда қандай ўтаказилаётгани ҳақидаги учта ҳикоя билан танишиб, уларни қай тартибда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида фикрлашайлик.

Биринчи ҳикоя

Ён қўшнимиз бўлган чол кузда 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб, уч кундан кейин «худойи» қилишди. Қўй сўйилиб, 35-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.

Кейин, қирқ кунгача ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб, бу хонадонда фотиҳахонлик бўлди.

Ниҳоят, жанозадан қирқ кун ўтиб «қирқ» эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, яна 35-40 кило гуруч дамланди.

Маҳалладошларимиз чолнинг жанозасида, «худойи»сида қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Охири «қирқ» эҳсонини ҳам ейишди ва шу билан вафот этган чолнинг фарзандлари фотиҳага келувчилардан қутулди. Аммо...

Аммо, жанозадан 50 кун ўтиб қўшнимизникидан азамонанд кийинган бир гуруҳ аёллар чиқишяпти. Улар фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўляпти. Эркаклар «қирқ»ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги икки ойда ҳам тугамаяпти.

Бошқа жойларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда (Ургутда) аёллар жанозадан икки ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверишади. Мабодо, уларни кимдир қайтарса ҳам «бормасам фалонча (азадор аёл) хафа бўлади», деб ҳам қўйишади.

Ўз навбатида аза бўлган хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир келиб қайта келишмаса «фалончанинг оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб қайта келмай кетди», деб гина ҳам қилишади.

Хуллас, бу одат ва мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Азадор хонадон аҳллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб фотиҳа қилишга келадиганларни кутишга мажбур.

Бундай ташвиш бой ва ўртаҳолларга билинмас, аммо камбағаллар қийналиб қолишяпти: боласи касал, аёлининг мазаси йўқ, шароити ҳаминқадар, қўлида пули йўқ. Ана шундай ҳолатда қарз олиб бўлса-да, турли аза маросимларини ва икки ойлаб чўзиладиган фотиҳахонликни ўтказишга мажбур.

«Ўтказмаса нима бўлади, айб ўзида», дейсизми?

Тўғри, айб ўзида ҳам бордир, лекин кимдир қайсидир сабаб билан вафот этган ота-онасининг бирор маъракасини ўтказа олмаса, эл орасида «сен онангни/отангни фалон маъракасини нега ўтказмадинг?» деб сўроққа тутадиганлар ёки «сен отангни/онангни фалон маъракасини ўтказа олмагансан», деб камситиб, таъна қилиб гапирадиганлар бор.

«Ҳой фалонча, ўтир буёққа. Ўзи шароитинг оғир. Она/отангни фалон маъракасини ўтказишинг шарт эмас. Ундан кўра касалманд болангга, мазаси бўлмаётган аёлингга қара. Рўзғорингнинг кам-кўстини қил», дейиш ўрнига «Отангнинг фалон маъракасини қачон ўтказасан?» ёки «нега ўтказмаяпсан?» деб сўроққа тутса ёки «ўтказа олмадинг», деб камситиб таъна қилса, буни қандай тушуниш керак?!

Иккинчи ҳикоя

Куз бўйи бошимиз тўйдан чиқмади. Бир кунда учтагача тўй бўлди. Эрталаб наҳор. Тушда қандайдир зиёфат ёки эҳсон. Кечга яқин эртага бўладиган бошқа бир наҳорнинг сабзитўғрари. Ургутда сабзитўғрарда ҳам камида 50-60 кг гуруч дамланади, шунга яраша 300 чоғли одам келади.

Эртаси куни эрталаб яна наҳор, яна зиёфат, яна сабзитўғрар. Икки ой: октябрь, ноябрни шу тахлит тўйхўрлик билан ўтказдик. Ниҳоят, декабрь ойига келиб, кунлар совиб, тўйлар камайди.

Хўш, «ошга ўрганиб қолган эркаклар, тўй-маъракаларига ўрганган аёллар энди нима қилишяпти?» дейсизми?

Эркаклар гап-гаштакни бошлаб юборишади. Маҳалламиз марказидаги чойхонада ҳар кун тушда йиғилиб ҳалфана ош қилиб ейишади. Баъзида чойхонадаги ошни еб, кекириб қайтаётган баъзи чолларга ҳазиллашиб «мунча ошни еб қандай ҳазм қиласизлар, сизларда қон босими, ошқозон яллиғланиши каби дардлар бўлмайдими?» десам, уларни баъзилари «болам, бизники советни ошқозони, яхши ишлайди, Хитойники эмас», деб қўйишади кулиб.

Аёллар ҳам қараб туришмайди ва «дийдор ширин»ни бошлаб юборишади.

Учинчи ҳикоя

Бир тадбиркор ўзи яшайдиган туман ҳокимлиги билан маслаҳатлашиб ўнтача кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини суннат тўйи қилиб бермоқчи бўлди.

Ҳокимликдагилар тумандаги турли маҳаллалардан ўнта болани ота-онасига бу хабарни етказишади. Улар хурсанд бўлиб қабул қилишади.

Нега хурсанд бўлишмасин, ахир тўйни харажатини тадбиркорлар қиляпти. Қолаверса, бундай тўйларда тадбиркорлар совға-саломни яхши қилишади. Ҳокимлик ҳам қараб турмайди, ўз совғаларини беришади. Шундай экан, қувонмай бўладими?

Тўй куни эрталабдан кўзни қувнатиб, бир хил кийинган тўй болалар ота-оналари ва қариндошлари ҳамроҳлигида тўйхонага келади.

Туман ҳокими ташриф буюриб тўй болаларнинг ҳаммасини табриклаяпти, тадбиркорлар билан совғаларини беряпти. Хуллас, ҳаммаси чиройли ўтяпти.

Аммо, орадан бироз ўтиб, ўша тўй бўлган болалардан бириникидан ўша тадбиркорга суннат тўйига айтилган таклифнома келади. Қараса, ўша ўзи тўйини ўтказиб берган болалардан бирининг суннат тўйига таклифнома.

Тадбиркор таажжубланиб, боланинг ота-онасига қўнғироқ қилади. Улар эса «Ҳокимият ва сиз қилиб берган тўй тўй эмас-да. Ўзимизнинг ҳам орзу-ҳавасимиз бор. Шунга, мана тўйни бошлаб юбордик», дейишибди. Тадбиркор эса нима дейишини ҳам билмай лол.

Мана сизга халқимизнинг тўйга бўлган муносабати. Ҳокимлик ёки тадбиркорлар тўй қилиб берган экан, ўша ота-оналар, «раҳмат, бир ташвишдан қутулдик», деб ўғлининг тўйига атаб йиғаётган пулини оиласининг кам-кўстига, фарзандининг таълимига сарфласа бўлмайдими?

Йўқ, бўлмас экан-да! Уларнинг ҳам «орзу-ҳаваслари» бор экан. Шунинг учун ҳокимлик ёки тадбиркорлар қилиб берган тўй-у томоша уларнинг гарданидаги тўй мажбуриятини соқит қилмас экан.

«Кейин билсам, суннат тўйини ҳокимлик ёки тадбиркорлар ўтказиб берадиган ота-оналарнинг аксарияти фарзандининг суннат тўйини бошқатдан қилар экан», дейди ўша тадбиркор.

Мақола бошида тилга олиб ўтилган низомга кўра шу пайтгача халқимизнинг елкасида оғир юк бўлиб келаётган бир қатор маросим ва маъракаларни ўтказиш тақиқланяпти.

Бу низомнинг қабул қилиниши жуда тўғри иш бўлди. Сабаби, охирги пайтларда айнан маърака ва маросимларни кимўзар тарзида ўтказишда, янгидан-янги маърака ва маросимларни ўйлаб торишда биз жуда ҳам ҳаддимиздан ошиб кетаётган эдик.

Юқоридаги уч ҳикоя бунга далил.

Ғайрат ЙЎЛДОШ. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top