Маълумки, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда «Браво» жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовларнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар тарқалди.
Баёнотда таъкидланишича, Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламайди ва карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди.
«Бироқ, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб борадилар.
Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин, бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди», - дейилади баёнотда.
Маданият вазирлиги соҳа вакилларидан ўз ҳаёт ва фаолиятларида юқоридаги мезонга амал қилишни сўраган. Масъул идораларни белгиланган меъёрларни бузган санъаткорларнинг жавобгарликларини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга чақирган.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг билдиришича, табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорлар ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлигини тарқалган видео ва фотолардан яққол кўриниб турибди.
«Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?», - деб ёзади сенатор.

Унинг айтишича, бундай хатти-ҳаракатлар «тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин» деган нотўғри хулосалар шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди.













