Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ва Беларусь ўртасидаги «нефть низоси». Сабаб, мақсад ва оқибат
DW мурожаат қилган экспертларнинг фикрича, Беларусга нефть етказиб берилишининг тўхтатилиши Россиянинг Беларусга нисбатан босим ўтказиш воситаларидан биридир. Аммо низонинг авж олиши ҳар икки томон учун ҳам зарарли, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.
Янги йил Россия-Беларусь муносабатларида нефть инқирози билан бошланди: Россия 1 январдан Беларусдаги нефтни қайта ишлаш заводларига нефть етказиб беришни тўхтатди, чунки бу борадаги шартнома муддати 2019 йил 31 декабрда тугаганди. Минск ва Москва бутун декабрь ойи давомида музокара олиб борди, аммо нефть нархи тўғрисида келиша олишмади. Шундан кейин Беларусь президенти Александр Лукашенко муқобил манбалар орқали нефть етказилишини таъминлашга буйруқ берди.
Россия нефть ёрдамида Беларусга босим ўтказмоқда
«Транснефть» расмий вакили Игорь Демин нефть етказиб бериш тўхтатилишининг сабабини Россиядаги нефть қазиб олувчи компаниялар Беларусдаги нефтни қайта ишлаш заводларига хом ашё етказиб бериш бўйича «Транснефть»га ариза бермагани билан изоҳлади. Аввалроқ президент Александр Лукашенко мамлакат 2020 йилда Россиядан 24-25 млн тонна атрофида нефть сотиб олмоқчилигини, аммо унинг нархи, транзит тарифи ва Россиянинг солиқ манёври сабабли тўланадиган компенсация миқдорини келиша олмаганини маълум қилганди. Москва нефть бўйича келишувни иттифоқ давлати доирасидаги чуқурлашган интеграцияга боғламоқда.
«Политическая сфера» институти директори Андрей Казакевич мавжуд вазиятни Россиянинг Беларусга нисбатан босими сифатида баҳоламоқда.
«Нефть етказиб беришнинг тўхтатиб қўйилиши Россия томонининг стратегик қарори эмас, балки Беларусь раҳбариятидан қандайдир қўшимча шартлар ёки қарорлар олиш йўлидаги босимдир», - дейди эксперт.
BEROC иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Дмитрий Крук ҳам нефть етказиб беришнинг тўхтатилишини Россиянинг босим ўтказиш воситаси деб ҳисобламоқда.
«Москва Минскни чуқурлашган интеграция тўғрисидаги «йўл харитаси»да белгиланган қандайдир шартларга кўндирмоқчи ёки Россиянинг нефть соҳасидаги солиқ манёврлари учун компенсация олишдан воз кечишга мажбур қилмоқчи», - дейди у.
Лукашенко муқобил нефть манбаларини қидирмоқда
Москва билан музокаралар муваффақиятсиз якунланиши биланоқ Александр Лукашенко нефтни муқобил манбалар орқали етказиб бериш тўғрисида топшириқ берди.
«Гап биринчи навбатда Болтиқдаги портлардан темир йўл транспорти орқали етказиш ҳамда «Дружба» нефть қувуридан муқобил етказиб бериш йўлларини топиш тўғрисида бормоқда», - дейилади Беларусь президенти матбуот хизмати хабарида.
«Наше мнение» эксперт маркази раҳбари Валерия Костюгованинг сўзларига кўра, бу билан фақатгина ички бозор талабини қондириш мумкин, аммо экспорт қилиш имкони бўлмайди. Дмитрий Крук эса нефтни темир йўл транспорти орқали олиб келиш Беларусь учун молиявий жиҳатдан номақбул деб ҳисобламоқда.
Беларусга нефть етказиб бериш бошланди
4 январь куни «Белнефтехим» концерни раиси ўринбосари Владимир Сизов Беларусдаги нефтни қайта ишлаш заводларига Россия нефтини етказиб бериш бошланганини маълум қилди.
У етказиб бериладиган ҳажм мунтазам равишда оширилиб борилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, Россиянинг «Транснефть» компанияси Беларусдаги Новополоцкий нефтни қайта ишлаш заводига 130 минг тонна нефть етказиб бериш тўғрисида ариза тушганлигини маълум қилди.
Аввалроқ ТАСС манбаси Россия Беларусга нефть етказиб беришни давом эттиришга розилигини, фақат 2019 йилги бозор шартларида ҳамкорлик қилинишини таклиф этаётганлигини айтганди.
«Россия компаниялари бу шартларни сақлаб қолишни таклиф қилди, аммо Беларусь томони нефть етказиб берилишини рад этди», - деди агентлик суҳбатдоши.
Нефть низосининг авж олиши ҳеч ким учун фойдали эмас
Экспертларнинг барчаси Минск ва Москва ўзаро келишиб олади ва 2020 йил учун шартнома имзолайди деган фикрни билдирди.
Нефть соҳасида Беларуснинг мавқеи анча устун, чунки Россия нефти транзити Беларусь ҳудудидан ўтади.
«Беларусь транзитни чеклаши ёки Москва нарх борасида ён бериши учун 2006 йилдаги каби нефть траспортировкаси нархини кўтариши мумкин», - дейди Дмитрий Крук.
Низонинг авж олиши ҳар икки томон учун фойдали эмас, дейди Андрей Казакевич, чунки шартнома тузилмаслиги Россия учун молиявий йўқотиш демакдир.
«Икки давлат ўртасидаги муносабатларда кўп муаммолар бор, аммо бундай кўринишдаги қарама-қаршилик келгусида Беларусни Россия таъсир доирасидан чиқиб кетишга мажбур қилиши мумкин», - деб ҳисоблайди у.
Мавзуга оид
18:53
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026