Жамият | 13:40 / 07.01.2020
19827
2 дақиқада ўқилади

Блогер Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлди

«Адолат» социал демократик партияси аъзоси, блогер Обиджон Латипов 2020 йил 5 январь куни бўлиб ўтган такрорий овоз бериш натижаларига кўра 6-Чўпонота сайлов округида ғолиб чиқди ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига депутат этиб сайланди. Унинг ўзи Kun.uz мухбирига бу ҳақда маълум қилган.

Шу кунларда Тошкент шаҳар сайлов комиссиясида йиғилиш ўтказилиши кутилмоқда. Йиғилишда депутатликка сайланганларга гувоҳнома топширилади.

Шунингдек, «Адолат» социал демократик партиясида ҳам янги депутатлар иштирокида йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.

«Shoh Med Center» хусусий клиникалар тармоғи бош менежери ҳисобланган Обиджон Латипов такрорий овоз беришдаги рақиби - ЎзЛиДеП вакили Маҳмуджон Ортиқовни 36та овоз фарқи билан ортда қолдирган (Обиджон Латипов — 785 овоз, Маҳмуджон Ортиқов — 749 овоз).

Эслатиб ўтамиз, Обиджон Латипов ижтимоий тармоқ орқали 22 декабрь кунги сайлов вақтида ўз номзоди қўйилган округдаги участкаларда рўй берган қоидабузарликлар ҳақида маълумот берган, Kun.uz’га берган интервьюсида ҳам айрим сайлов участкаларида бир киши томонидан кўплаб сайловчилар ўрнига овоз беришга уриниш ҳолатлари қайд этилгани, бундан ташқари, сайлов участкалари масъуллари бундай ҳолатларни тасвирга олишга қаршилик кўрсатишгани ҳақида айтиб берганди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Обиджон Латипов билан боғлиқ ҳодисалар прокуратура органлари томонидан ўрганилиши, натижаси бўйича номзодга ҳамда оммавий ахборот воситаларига хабар қилинишини айтганди.

Блогернинг маълум қилишича, бундай ҳолатларнинг биттаси бўйича чора кўрилган, айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга жарима қўлланган.

Мавзуга оид