Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардобадаги фожианинг юзага келишига сабабчи бўлган омиллар, тизимли муаммолар ва мазкур фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.

– Обиджон ака, Сардоба фожиаси кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммоларимизнинг маҳсули эмас. Бу йиллар давомида шаклланиб келган тизимли муаммоларимиз маҳсули. Дейлик, коррупция, тендерлардаги “таниш-билишчилик” ёки қурилишнинг сифатли амалга оширилмаслиги. Афсуски, Сардоба сув омбори ҳалокатидан кейин бу масала яна кун тартибига чиқиб турибди. Демак, яна “ўйинлар” давом этган. Шундай эмасми?

– Сардоба фожиаси жуда кўп, шу пайтгача бўлиб келган касаллик, иллатларнинг белгиси, тиббиёт тили билан айтганда, иситмаси, дейишимиз мумкин. У касаллик қанчалик чуқур илдиз отганлигини яққол исботлаб, кўрсатиб берган белги сифатида намоён бўлди. Гўёки, ташқаридан маълумот сифатида қарайдиган бўлсак, бу биргина ҳодиса.

Аслини олганда, кенгроқ ёндашадиган бўлсак, кузатишни яқин ва ундан олдинги кунларимизга сурадиган бўлсак, худди шунақа фожиалар аввал ҳам бўлганлигини, метро қурилиши билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Юнусобод йўналиши метроси қурилишидаги ҳодисага ҳам ёмғир сабаб деб кўрсатилди. Инсонлар ҳалок бўлганини кўрдик. Водийда поездларнинг қулаб тушиши билан боғлиқ ҳолатлар бўлди ва шунга ўхшаш воқеалар, намунавий уйлар билан боғлиқ сифатсиз қурилишлар натижасида келиб чиққан муаммоли вазиятларни кўрдик. Бу иккита нарсага жиддий эътибор қаратишимиз кераклигини кўрсатиб берди, деб айтоламан.

Биринчиси, давлат харидлари ёки давлат буюртмалари билан боғлиқ жараёнларнинг шаффофлиги. Давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган харажатлар, ҳаракатлар, ташкил этилган чора-тадбирларнинг шаффофлиги, яъни бюджетнинг чиқим қисми қанчалик шаффоф, деган масалани кун тартибига яққол олиб келиб қўйди.

Ҳозир биз жуда кўп муҳокама қиляпмиз. Лекин муҳокама қилишга арзирли маълумотнинг ўзи йўқ. Сув омбори кичкинагина объект эмас. Бу йўл қурилиши ёки кўприк қурилиши эмаслигини тан олайлик. Стратегик объект нуқтаи назаридан у билан боғлиқ харажатлар ва унинг таркиби аллақачон оммага етказилган бўлиши керак, аллақачон мавжуд бўлиши керак.

Биз ҳатто ҳалокатдан кейин ҳам билмаймиз бу нарсаларни. Маълумотлар нима учун эълон қилинмаганлиги жуда ажабланарли ҳолат. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ўша давлат харидлари ва буюртмаларида шаффофлик жиддий масала эканлиги биринчи ўринга чиқди.