«Коррупция оқибатлари билан эмас, сабабларига қарши курашиш керак» – Обиджон Латипов
Таъкидланишича, жамиятда коррупция қадрият даражасида, антикоррупцион дунёқараш ҳали шаклланмаган ва одамлар орасида коррупцияга тарғиб кучли.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассиси Обиджон Латипов Иқтисодиёт ассамблеясининг «Фидойилар клуби» мулоқотида коррупцияни енгишда кўрилиши зарур бўлган айрим чораларга тўхталди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Айтиш керакки, жамиятда антикоррупцион дунёқараш ҳали шаклланмаган. Бизда ҳозир коррупция қадрият даражасида. Одамлар орасида коррупцияга тарғиб қилиш кучли. Мисол, кўчада «ГАИ» тўхтатиб жарима ёзса, «ярамас экан, ёзиб юборди», дейишади. «Барака топсин, мен қоида бузгандим, шартта ёзди. Пул бердим, олмади», демайди. Яъни оқни қора деб айтишади. Ўша ҳайдовчининг таниши ҳам «Уч-тўрт сўм бермабсан-да», дейди. Жамиятнинг ўзи бузуқликка тарғиб қилади. Қонун бузилишини қадрият даражасига кўтарган. Пора беришни рағбатлантиради.
Ҳатто ибора даражасига чиққан гап бор: пул олмайдиган домла бўлмайди, пора бера олмайдиган талаба бўлади, дейишади. Яъни пора бериб ишини битира олмаслик ношудлик, ландавурлик деб талқин қилинади. Пора бериб юрган одам устомон, ишбилармон. Буни жамият нормал қабул қилади», деди у.
Латиповнинг сўзларига кўра, ҳаммада коррупцияга нисбатан жирканиш инстинкти шаклланиши керак.
«Боғчадан бошлаб болалар тарбиясига ҳалоллик, тўғрисўзлик ва покликни сингдириш керак. Бировнинг ҳақига хиёнат, ёлғончиликка нисбатан нафрат пайдо қилиш лозим.
Иккинчидан, мактабларда давлат ва ҳуқуқ асослари фани ичига коррупцияга қарши курашиш дарсларини ҳам киритиш керак. Коррупция нималиги, унинг оқибатлари қандай бўлишини ўргатиш зарур. Бу иллатнинг жамиятдаги хавф-хатарини ҳар бир бола билсин.
Бола бўлса, бола тилида, катта киши бўлса, у тушунадиган жиҳат билан сингдириш керак. Бошқа ёш тоифасидагиларга биттагина йўл бор – оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш мумкин. Кино, сериал, ролик, театр каби барча чоралардан фойдаланишимиз керак. Коррупцияга нисбатан нафрат уйғотиш зарур», деди у.
Унинг таъкидлашича, коррупция билан курашишда доимо давлат органи масъул эмас, ҳамма бирдек курашиши керак.
«Агар Антикоррупция агентлиги бор кучини шунга бериб курашганда ҳам етарли натижа олиш қийин. Бунинг учун ҳамма баравар курашиши керак.
Масалан, армиянинг массаси қанча катта бўлса, душманни енгиш имконияти ҳам шунча катта, тез ва самарали бўлади.
Коррупция моҳиятини англаган ҳар бир инсон қайси формат ёки босқичда бўлмасин, ўз фаолияти доирасида курашга ҳисса қўшишга интилсин.
Коррупцияга қарши курашишда стратегияни ўзгартириш керак. Яъни унинг оқибатлари билан эмас, сабаблари билан курашиш лозим», - деди Обиджон Латипов.
Аввалроқ, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга доир президент фармони ва қарори лойиҳалари эълон қилинганди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш бошланади. Коррупционерлар рўйхати тузилади, уларга нисбатан қатор тақиқлар белгиланади. Давлат хизматчиларига чет элда бойлик орттириш ман этилади. Манфаатлар тўқнашуви масалалари тартибга солинади.
Мавзуга оид
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024
Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги
16:14 / 16.12.2024