Ўзбекистон | 12:52 / 07.01.2020
10463
4 дақиқада ўқилади

Сўх туманида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилди

Фарғона вилояти Сўх туманининг «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. 

Унда туман ҳокими Фаррух Усаров ва туманда фаолият олиб бораётган ташкилот, муассаса ва барча корхоналар раҳбарлари иштирок этишди. Учрашувда ёшларни қийнаётган камчилик ва муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

«Мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор, ўсиб келаётган баркамол авлодга бўлган ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро ёшлар ватан келажаги, эртанги куннинг бунёдкорларидирлар. 2019 йил 27 декабрь куни президентимизнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашуви тарихий воқелик сифатида ўзбекистонлик ёшларнинг қалбида абадий муҳрланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. 

Мазкур учрашувда президентимиз ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади» деган сўзлари ҳар бир ватанпарвар инсон, баркамол авлод учун озод ва обод ватан қуриш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларига туртки бўлади десак, асло хато қилмаган бўламиз. 

Туман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида ҳам иштирокчилар томонидан президентимизнинг ёшлар билан учрашув чоғида айтилган сўзлари алоҳида ғурур ва ифтихор билан тилга олинди.

«Мен Ўзбекистоннинг, Сўх туманининг бахтли ёшлариданман. Чунки ушбу учрашувда бевосита иштирок этдим ва юртбошимизнинг биз ёшларга бўлган эътиборлари, «фарзандларим» дея айтилган ҳар бир сўзлари менга янада куч-ғайрат, шижоат бахш этди. Мен олдимга қўйган мақсадларим, эзгу ниятларимга албатта, президентмиз атрофида бутун Ўзбекистон ёшлари қатори жипслашиб, эришаман. Бунга мутлақо ишонаман. Чунки бизни тўғри йўлга бошловчи йўлбошчимиз бор», дейди Корея халқаро университетининг биринчи босқич талабаси Жавоҳир Сирожиддинов.

Учрашув аввалида туман ҳокими Фаррух Усаров сўз олиб, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ҳақида гапирар экан, «биз сизлар билан ҳар доим олға интилишимиз, президентимиз белгилаб берган йўлдан боришимиз зарур. Агар биз бу йўлда бир тан-у бир жон бўлсак, марра ва нурафшон келажак бизники», дея алоҳида таъкидлади. 

Шундан сўнг бевосита учрашув иштирокчилари туман ҳокимига ўз саволлари билан мурожат этишди ва ёшлар томонидан берилган ҳар бир саволга муносиб жавоблар берилди.

Бугун Ўзбекистонда юксак маънавиятли авлод тарбияланмоқда. Бугунги ёшларнинг онг-у шуури, дунёқараши ҳам ўзгарган. Ёшларимиз орасида янгича ўйлайдиган, инновацион ғояларини амалга татбиқ эта оладиган кучлар борлиги бизни қувонтиради. Мурожаат ва саволлар баробарида учрашувда иштирок этган ёшлар туман ҳокимига ўз таклифларини ҳам беришди. Яқин келажакда туманда сўхлик ёшлар таклифи асосида «Бешта ташаббус ёшлар нигоҳида» номли ёшлар фестивали, «Ҳоким билан бир кун» челленж лойиҳаси, «Йил талабаси» каби лойиҳалар амалга оширилиши ва шу таклифлар асосида тадбирлар ўтказилиши келишиб олинди.

Учрашув яқин икки соат давом этди ва иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди. «Ҳоким ва ёшлар» учрашувининг кейинги босқичлари туманнинг тўрт секторида ўтказилади. Учрашувда иштирок этган ташкилот, муассаса ва корхоналар раҳбарлари ҳам ёшларнинг саволларига жавоблар беришди», дейилади Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид