07:42 / 09.01.2020
0
14152

Тошкент шаҳри 2022 йилда «Жаҳон китоб пойтахти» деб эълон қилиниши мумкин

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Шу кунларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул вакиллари шу кунларда Францияда хизмат сафари билан бўлиб турибди. Улар бугун ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле ва директор ўринбосари Моэз Чакчук билан учрашув ўтказдилар.

Учрашувда медиа соҳасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш имкониятларини муҳокама қилинган. 

ЮНЕСКО раҳбари бугунги учрашув ҳақида «Твиттер»даги саҳифасида фикр билдирди. «Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева билан самарали учрашув. Бизнинг ташкилотимиз Ўзбекистондаги сўз ва медиа эркинлиги, маълумот олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тарихий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди», — деб ёзади Азуле. 

Одри Азуле ЮНЕСКОнинг Халқаро универсал ахборот олиш кунига бағишланган конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича Агентлик таклифини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилган ва Тошкент шаҳрини 2022 йилда «Жаҳон китоб пойтахти» деб эълон қилиниши борасидаги ташаббусга ижобий баҳо берган.

«Мулоқотда халқаро лойиҳаларда ўзбек журналист ва блогерларининг иштироки, уларнинг тажрибасини ошириш масаласида ҳам суҳбатлашдик. ЮНЕСКО раҳбарияти Ўзбекистон билан барча йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди», — дея таъкидлади Алламжонов.

Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёеванинг ёзишича, суҳбат чоғида Ўзбекистонда ОАВ соҳасини ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган. 

Маълум қилинишича, ЮНЕСКО раҳбарлари Ўзбекистонда ташриф билан бўлиш истагини билдирган. Унга Франциянинг «Assouline Publishing» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланган Ўзбекистон ҳақидаги китоб-альбом совға қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top