Жамият | 21:20 / 10.01.2020
11579
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларусда Ўзбекистонда олинган дипломлар тўғридан-тўғри тан олинади

2019 йилда Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида дипломларнинг тўғридан-тўғри тан олиниши бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

«Бу масала ҳукуматлараро даражада ҳал қилинди ва битимлар имзоланди. Энди Ўзбекистонда таълим олган ёшлар бу давлатларга борса, улар дипломи билан бемалол иш топа олишлари мумкин», дея таъкидлади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев.

Унинг қайд этишича, энди Россия ёки Беларусда Ўзбекистон дипломига эга ёшлар таълим даражасига қараб ишга жойлашишлари мумкин бўлади. Масалан, маълумоти бор одам Россияда фаррошлик қилишга мажбур бўлмайди.

«Таълимда бакалавр босқичи 6 даража, магистратура эса 7 даража ҳисобланади, бу даражаларга эга инсонлар энди ўзларига муносиб жойда ишлайди. Бу – жуда катта ютуқ», дея қайд этди Улуғбек Тошкенбаев.

Шунингдек, инспекция масъулларининг қайд этишича, бошқа хорижий давлатлар билан ҳам худди шу тартибда келишувларга эришиш учун ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид