Ўзбекистон | 17:59 / 15.11.2025
11668
4 дақиқада ўқилади

Хорижда олинган дипломларни тан олиш бўйича янги қонун имзоланди

Ўзбекистон Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни ратификация қилди. Тегишли қонун 11 ноябр куни президент томонидан имзоланди. Ҳуқуқшунос Умид Собиров бу конвенцияга қўшилиш Ўзбекистон учун нимани англатиши ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Pexels

Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция (Париж, 2019 йил 25 ноябр) – олий таълим малакаларини халқаро тан олишни тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланиб, талаба ва мутахассисларнинг чет элда олинган дипломларини бошқа мамлакатларда адолатли ва шаффоф равишда тан олишга хизмат қилади.

ЮНEСКО расмий саҳифасида мавжуд маълумотларга таянилса, ҳозиргача 38 давлат ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Улар орасида Буюк Британия (90 та университети ТОП-1000 таликка киради), Япония (47 та), Франция (35 та), Финландия (9 та) ва Швеция (8 та) каби давлатлар мавжуд.

Конвенциянинг асосий мақсади миллий таълим тизимларининг глобал ҳамжамиятга интеграциялашуви учун шарт-шароитларни яхшилаш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш, мутахассис ва талабалар мобиллигини кенгайтириш ҳамда таълим стандартларини уйғунлаштиришдан иборат.

Конвенция бир қанча муҳим тамойилларга таянади. Биринчидан, ҳар бир малака ёки олинган даража (диплом) аниқ меъёрларга асосланиб баҳоланиши ва тан олиниши керак.

Иккинчидан, муайян сабабга кўра, тўлиқ диплом тан олинмаган тақдирда, ўқилган фанлар ёки кредитлар қисман тан олиниши лозим.

Учинчидан, маълумотлардан эркин фойдаланиш, яъни давлатлар ўз олий таълим тизими ва университетлари ҳақида кенг жамоатчилик учун маълумот тақдим этиши шарт.

Бундан ташқари, Конвенцияга аъзо давлатлар ўзаро бир-бири билан ҳамкорлик қилиб, талабалар ва олимлар мобиллиги учун шарт-шароитларни яхшилаб бориши лозим.

Конвенцияга қўшилиш Ўзбекистон учун қандай имкониятлар беради?

Конвенциянинг ратификацияси бир қатор имкониятлар яратиши мумкин. Жумладан, чет эл дипломларини тан олиш осонлашади. Хорижда таҳсил олган талаба ва мутахассислар ўзларининг хорижда олган дипломларини ёки малакаларини адолатли ва тезроқ тан олдиришга эришишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, конвенция ратификация қилиниши талабалар ва олимларнинг мобиллиги кенгайишига хизмат қилиши, яъни бутун дунё бўйлаб таълим ва илмий тадқиқотларни эркин давом эттириш имконияти ошишириши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон университетлари халқаро ҳамкорликни кучайтирган ҳолда қўшма диплом дастурлари, илмий лойиҳалар ва халқаро конференциялар фаолияти янада ривожланади. Бу ўз навбатида универсал тамойилларни жорий қилиш орқали миллий олий таълим тизимининг халқаро стандартларга мослашишига ва рақобатбардошлиги ошишига хизмат қилиши мумкин.

Шундай қилиб, Конвенция нафақат Ўзбекистон ёшлари ва мутахассисларига глобал миқёсда ўқиш ва илмий тадқиқот имкониятларини кенгайтиради, балки миллий таълим тизимини халқаро майдонга олиб чиқишга хизмат қилади. Конвенцияни ратификация қилиш орқали Ўзбекистон халқаро таълим ҳамжамиятида ишончли ҳамкор сифатида тан олинади.

Хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш ва нострификация қилишга оид аризалар йилдан йилга ошиб бораётган ҳозирги даврда мазкур қонуннинг қабул қилиниши – хорижда олинган диплом ва малакаларни тан олиш жараёни янада енгиллашишига, талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг халқаро миқёсда эркин ҳаракатланишига кенг имконият яратади, деб умид қиламиз.

Умид Собиров,
ТДЮУ ўқитувчиси

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид