Таълим | 14:24
413
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон университетлари дипломлари халқаро миқёсда тан олинишига йўл очилди

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги олий таълимда сифатни таъминлаш бўйича дунёнинг энг йирик халқаро тармоқларидан бири — INQAAHEʼга тўлиқ аъзо бўлди. Бу эса мамлакатда аккредитациядан ўтган университетлар дипломларининг халқаро миқёсда тан олиниши имкониятларини кенгайтиради.

Айни кунларда Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган Education World Forum 2026 доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро таълим, аккредитация ва таълим сифати соҳасидаги қатор нуфузли ташкилотлар билан стратегик учрашувлар ўтказмоқда.

Учрашувлар чоғида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг INQAAHE (International Network for Quality Assurance Agencies in Higher Education) ташкилотига тўлиқ аъзолиги расман тасдиқланди.

Мазкур халқаро тармоқ 300 дан ортиқ аккредитация ташкилотлари, сифат агентликлари ва экспертларни бирлаштиради. Аъзолик Ўзбекистон миллий аккредитация тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини англатади.

Бу эса мамлакатимизда аккредитациядан ўтган олий таълим муассасалари битирувчилари учун хорижда таълим олиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, университетларнинг халқаро рейтинглар ва грант дастурларида иштирок этиши, икки дипломли ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш учун муҳим асос яратади.

Бундан ташқари, INQAAHE тармоғи орқали аккредитация жараёнларига юқори малакали халқаро экспертларни жалб қилиш имконияти ҳам яратилади. Бу эса давлат аккредитацияси жараёнлари сифати ва шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, мазкур аъзолик Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро интеграцияси ва рақобатбардошлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим стратегик аҳамият касб этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид