Жамият | 11:20 / 18.01.2020
3529
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда одам савдосига қарши курашиш бўйича тадбир ўтказилди

17 январь куни Хоразм вилояти ҳокимлигида одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича республика кичик комиссияси ишчи гуруҳи аъзолари томонидан йиғилиш ўтказилди.

Унда Хоразм вилояти ҳамда барча шаҳар ва туманларнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий мақсади –мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу соҳада Хоразм вилоятида амалга оширилган ишлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга кетган ва қайтиб келган, депортация ва ватанга қайтиш гувоҳномаси (сертификат) билан қайтиб келган ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, фуқароларимизнинг хориж мамлакатларида одам савдоси қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан хабардорлигини ошириш, шунингдек мазкур соҳада ишчи гуруҳларнинг билимларини янада оширишдан иборатдир.

Одам савдоси глобал муаммо бўлиб, ҳар йили унинг домига миллионлаб аёллар, эркаклар ва болалар тушиб келмоқда. Эҳтимолдаги жабрланувчилар дунё бўйлаб жинсий эксплуатацияга дучор қилинадилар, оғир, кўпинча ҳаёт учун хавфли меҳнатга мажбур қилинадилар, орган ёки тўқималар трансплантацияси қурбонига, у ёки бу шаклдаги зўрликнинг қурбонига айланадилар. Одам савдоси бу - инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир.

Ҳозирги кунда ушбу трансмиллий жиноятни тобора тус олиши унга қарши курашни олиб борувчи идоралар ходимларини мунтазам равишда билим савияларини ошириб боришни тақозо қилади.  

Одам савдоси – инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти учун мутлақо ёт бўлган трансмиллий жиноят саналади. Юртимизда замонавий қулликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. 
Бунда аҳолининг ушбу қабиҳ жиноят ҳақида хабардорлигини  ошириш, уларни ноқонуний миграциянинг аянчли оқибатлари хусусида огоҳлантириш, бу борада давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида яратилган норматив-ҳуқуқий база ҳамда кейинги олиб борилаётган ислоҳотлар мазкур соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларининг одам савдоси ва ноқонуний миграцияни олдини олишдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида ишчи гуруҳи аъзоларининг саволларига жавоб қайтарилди. Шунингдек, муаммолар ечими юзасидан тегишли кўрсатма ва тушунтириш берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид