10:57 / 22.01.2020
0
16330

Жамшид Искандеров легионерга айланди

Тошкентнинг «Локомотив» клуби футболчиси Жамшид Искандеров Жанубий Корея K-лигаси иштирокчиси бўлган «Сеонгнам» клуби билан шартнома имзолади. Корейс клуб расмий сайтида трансфер ҳақида эълон қилинган.

«У тўп билан яхши муомала қилади, майдон марказида ижодкорлик билан шуғулланади, у узоқ масофадан кучли зарба бериши ҳам, шерикларини яхши пас билан таъминлаши ҳам мумкин. У шунингдек, ҳужумларни бошлаб беради, рақиб ҳужумларини тўхтатади», дейилади хабарда.

«Мен К-лигада ўйнашдан мамнун бўламан. Буни аввалдан орзу қилгандим. Мен бу клуб билан муваффақият қозонмоқчиман. Умид қиламанки, ўйинларим клуб фанатларига ёқади», деган футболчининг ўзи.

Бундан аввалроқ Жамшид Искандеров «Сеонгам» билан 2 йиллик шартнома тузиши ҳақида хабарлар тарқалганди. «Локомотив» ушбу трансфер ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган, айни вақтда унинг трансферининг молиявий жиҳатлари маълум қилинмаган.

Лекин Трансфермаркт портали маълумотига кўра, Искандаровнинг айни вақтдаги трансфер қиймати 800 минг еврога тенг.

Жанубий Корея юқори дивизиони саналмиш K-лиганинг янги мавсуми 29 февраль куни старт олади.

Жамшид Искандеров футболчилик фаолиятини 2011 йилда Самарқанднинг «Динамо» клуби сафида бошлаган, 2011-2018 йилларда «Пахтакор» клуби сафида тўп сурган, 2019 йилда эса Тошкентнинг бошқа бир клуби «Локомотив» сафига қўшилганди. У 2014 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг яна бир футболчиси Достонбек Турсунов Жанубий Корея чемпионати вакили бўлмиш «Бусан Ай Парк» клубига ўтгани хабар қилинган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top