«Ўзбек футболи нуронийси» - Ўзбек футболи тарихидаги энг ёрқин юлдузлардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, «Шуҳрат» медали соҳиби — Биродар Абдураимов «Ўзбек футболи нуронийси» соврини билан тақдирланди.

«Фидойилик рамзи» - қарийб 35 йилдан буён қўқонлик футбол мухлислари, Қўқонга ташриф буюраётган футбол жамоалари учун хизмат қилаётган инсон, 70 ёшли Анвар Охунов «Фидойилик рамзи» соврини билан тақдирланади. «Қўқон-1912», «Турон», «Нефтчи», «Дўстлик-Олтиариқ» каби жамоалар мухлислари ўз стадионларини Анвар аканинг овозисиз тасаввур қила олмайди.

«Фейр-плей» - Мавсум давомида энг кам бюджет айнан «Хоразм» футбол клубида эди. Суперлиганинг айрим жамоалари «Хоразм» клубининг сметасидан 20 баробар кўпига эга. Шунга қарамай, хоразмлик футболчилар ҳақиқий ирода кўрсатди. Йигитлар бир неча ой маош олмаган ҳолатида ҳам ғурур ва номусидан воз кечмади. Улар ўз ота-онаси, оиласи ва мухлислари учун охиригача жанг қилди. Ўта кам смета билан Про лиганинг тўртинчи жамоаси бўлиш таҳсинга сазовор.

«Энг яхши ёшлар мураббийи» - Ўзбекистон U-18 жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов бу совринга муносиб топилди.

«Аёллар Олий лигаси тўпурари» - «Сўғдиёна-W» клуби етакчиси Диёра Ҳабибуллаева 37 та гол билан жорий мавсумнинг Аёллар Олий лигаси тўпурарига айланди.

«Аёллар Олий лигаси йил футболчиси» - «Севинч» клуби вакиласи Мафтуна Шойимова «Аёллар Олий лигаси йил футболчиси» совринини қўлга киритди.

«Аёллар Олий лигаси мураббийи» - «Севинч» клуби бош мураббийи Владислав Хан «Аёллар Олий лигаси мураббийи» совринини қўлга киритди.

Йил ҳакамлари — Вадим Агишев ва Розиябону Юсупова

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши ёш футболчиси - Аббосбек Файзуллаев (Пахтакор ва Ўзбекистон U20 жамоаси аъзоси).

19 ёшли яримҳимоячи «Пахтакор» билан Суперлигада чемпион бўлди, 21та баҳсда 5та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ўзбекистон U-23 сафида Осиё кубогида кумуш медални қўлга киритди.