19:50 / 22.01.2020
0
13708

«Реал» бразилияликларни тўплашда давом этмоқда. Рейниер – янги Кака ёки янги Кроос?

Мадридликлар клуб келажак жамоасини қуришда давом этади. Навбатдаги харид ҳам Бразилиядан — яримҳимоячи Рейниер.

Мадридликлар клуб келажак жамоасини қуришда давом этади. Навбатдаги харид ҳам Бразилиядан — яримҳимоячи Рейниер.

Янги даракчи
«Қироллик клуби» президенти Флорентино Перес нолинчи йиллар бошида афсонавий «галактикос»ни барпо этганди. Фигу, Зидан, Бекҳэм, Роберто Карлос, Роналдо ва Оуэн - қаймоқранглилар футболкасидаги юлдузлардан кўз қамашарди. Қаторасига уч бор ЕЧЛ ғолиби бўлган Кейлор Навас ўрнига Тибо Куртуа олиб келинганидаёқ клуб президенти яна энг яхшиларни сотиб олишга киришгани маълум бўлганди.

Ҳозирда Перес келажакка боқмоқда ва «Реал»га ёш истеъдодлар олиб келинмоқда. Клубнинг селекция хизматининг асосий йўналишларидан бири - Бразилияга қаратилган, футбол ватанидан икки ярим йил ичида 3 нафар ёш футболчи жами 120 миллион евро сарфлаб олиб келинди. Винисиус Жуниор ва Родриго Гоэсга 45 миллион евродан, эндиликда «Фламенго»нинг собиқ яримҳимоячисига айланган 17 ёшли Рейниер учун 30 миллион евро.

Мадриддагилар ундаги истеъдодни 2018 йилдаёқ пайқашганди. Рейниер Дубайдаги U16 жамоалари ўртасидаги турнир тўпурари бўлган – 5 ўйинда 9 гол ва 8 ассист, –  финалда «Фламенго» «Реал»ни мағлуб этган. Рейниер ўйиннинг сўнгги дақиқаларида голли пас узатган, «Фламенго» ҳисобни тенглаштирган (1:1), пенальтилар сериясида эса бразиллар устун келишган - 4:2. Уни эътиборсиз қолдиришнинг иложи йўқ эди.

Унинг трансфери аввалроқ ҳал бўлганди, аммо трансферни эълон қилиш учун 18 ёшга тўлишини кутишга тўғри келди. Хабарларга кўра, «қаймоқранглилар» ушбу талантли футболчи учун рақобатда «Атлетико», «Барселона», «Ювентус», «Милан» ва «Манчестер Сити» каби клубларни ортда қолдирган.

«Фламенго» бош мураббийи Жорже Жезуш таъбири билан айтганда, испан суперклуби янги Какани қўлга киритди. Португалиялик мураббий унинг йирик гавдали бўлса-да ажойиб дриблингга эгалиги, майдонни яхши кўриши ва ақлли қарорлар қабул қилишини, кутилмаган паслар узатишини эътироф этган. Унинг жамоадоши Филипе Луис ҳам мураббийнинг фикрларига қўшилади ва Рейниерда катта салоҳият борлигини айтади. Футболчининг ўзи эса болалигидан Зинедин Зиданнинг ўйинларидан ҳайратланганини айтган.

Рейньернинг устунликлари нимада?

Рейниер спортчилар авлодидан. Ҳужумкор яримҳимоячининг отаси Мауро Бразилиа – Бразилия футзал терма жамоаси аъзоси бўлган, 1985 йилги жаҳон чемпиони. Шу туфайли, унинг техник тайёргарлиги бу даражадалигидан ҳайрон бўлмаса ҳам бўлаверади. Мутахассислар «Реал»нинг янги футболчиси босим остида ҳам тўпни ўзида сақлаб тура олиши, олдинга ишонч билан ҳаракатланиши ва бирга-бир вазиятлардан унумли фойдаланишини қайд этишган. У рақибнинг бўш ҳудудларига ажойиб очилади, зарба бериш нуқтасига кесик равишда ақлли узатмалар беради. Шу билан биргаликда меҳнаткаш ва тезкор. Умуман, Рейниерда юқори даражада тўп суриш учун барча зарур жиҳатлар мавжуд.

Бразилияда Рейниерни Какага қиёслашади. Ёш яримҳимоячининг бўйи етарлича баланд (185 см), у майдонда ҳам яқин ўтмиш афсонаси каби ҳаракатларни амалга оширади. Унинг қобилиятларига уч йил муқаддам Зико ҳам юқори баҳо берганди, айнан у туфайли Рейниер «Флуминенсе»дан бу клубнинг азалий рақиби бўлмиш «Фламенго»га келганди. 

Келажак учун инвестиция
Жезуш аввалроқ клуб энг яхши футболчиларидан бирини атиги 30 миллион еврога қўйиб юбора олмаслигини билдирганди. «Бенфика»да футболчилар асл нархидан қимматроққа сотиларди, «Фламенго» эса ўз футболчиларининг ҳақиқий баҳосини билмаяпти», — дейди португалиялик мутахассис.

Албатта, Жезуш ҳиссиётга берилиб кетган, ахир айнан у ўсмир футболчига юлдузлар билан тўлган жамоада ўйнашга имконият берганди. Албатта, ихтиёрингда тажрибали Диегу, мавсумни ажойиб ўтказаётган Де Арраскаэта ва Бруну Энрике каби чемпионлар бўлган вақтда 17 ёшли йигитчани асосий таркибга киритишнинг ўзи бўлмайди. Лекин йигитча ишончни оқлади, июнда дебют қилган Рейниер «Фла» Либертадорес Кубогида ғалаба қозонишига ўз ҳиссасини қўшди.

Шубҳа йўқ, ўсмир футболчи самарали ўйин кўрсатди. 14 ўйинда у 8 марта бошланғич таркибга кирди ва деярли ҳар 89 дақиқада биттадан самарали ҳаракатни амалга оширди (6 гол ва икки узатма). Аммо тушуниш керакки, унинг ёнида тажрибали футболчилар бор эди, «Фламенго»нинг ҳозирги таркиби чемпионатдаги бошқа рақиблардан бир бош баланд. Ҳозирча Рейниер астрономик сумма тўланиши учун ёшлик қиларди.

30 миллион евро — Бразилия чемпионатидаги бундай самарадор футболчи учун ҳам мутлақо нормал нарх. У ўтган якшанба куни 18 ёшга тўлди ва душанба куни «Реал» унинг трансферини эълон қилди. Бизнес тилида айтганда — келажак учун инвестиция киритилди, у билан 6,5 йиллик шартнома имзоланди.

Бу мавсумда Рейниер бир неча марта ҳужумнинг чап қанотида ҳаракат қилди. Аммо Бразилия U17 жамоаси устози Далла Деанинг ҳисоблашича, у келажакда Тони Крооснинг ўрнини эгаллайди.

«У менга ўнлик футболчиларни эслатади, у ўйинни ташкиллаштирувчи футболчи. Аммо у бу билан чекланмайди: ўзи гол уради, голли пасларни ҳам қизғонмайди, вақти келса таянч яримҳимоячиси ҳам бўла олади. «Реал»нинг одатий схемасида у Кроос ўрнида ҳаракатланиши мумкин», – деганди мураббий.

«Реал»нинг янги контурлари

Рейниерни дарҳол «Сантьяго Бернабеу»да кўришни кутганлар айрим сабабларга кўра сабр қилишлари керак бўлади. Биринчидан, ҳозирда «Реал» таркибида ЕИга кирмаган мамлакатлар учун ажратилган учта вакансия ҳам банд. Бу жойлар Эдер Милитао, Винисиус Жуниор ва Родриго томонидан банд этилган. Сарфланган пуллар эса клубнинг истиқболи учун, мадридликлар «лимит» муаммосини ҳам ҳал қилиши керак бўлади.

Шу туфайли истеъдодли япониялик Кубо «Мальорка»га ижарага берилган. Рейниер – сўнгги 3 йил ичида «Реал» томонидан сотиб олинган бешинчи бразилиялик бўлди. Винисиус ва Родригодан ташқари Родриго Фарофа («Кастилья») ҳамда Аугусто («Леонес»да ижарада) ҳам бор. Уларнинг барчаси 18 ёшга тўлиши биланоқ таркибга қўшиб олинган.

Перес 2013 йилда Неймарни қўлдан чиқаргач, бор эътиборини бразилиялик талантларга қаратди. Аввалига Абнер, Виллиан Жозе ва бошқа футболчилар ишончни оқлашмади. Аммо уч йил муқаддам клуб скаут Пауло Энрикени ёллади – у 2016 йилги Олимпиадада ғолиб бўлган Бразилия жамоаси мураббийлар штабида бўлган, шунингдек, «Крузейро» ва «Манчестер Юнайтед» клубларида ишлаган. Пауло фақат Бразилия бўйича ишлайди, у Рейниер каби талантларни 13-14 ёшиданоқ кузатишни бошлайди.

Рейниер мавсумнинг иккинчи қисмини «Эспаньол»да ўтказиши ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлганди. Аммо  олимпия саралаш турнири якунлангач, футболчи «Реал»нинг икки жамоасига жўнатиладиган бўлди. Шу кунларда Колумбияда 2020 йилги Токио Олимпиадасига Жанубий Америка минтақасида саралаш босқичи ўтказилмоқда. Рейниер Бразилия U23 таркибидаги энг ёш футболчи, лекин у аввалроқ Бразилия ёшлар миллий жамоаси сардори бўлган ва 10 ўйинда 5 гол урганди. Ўз вақтида «Кастилья»да Винисиус ҳам тажриба оширганди, ушбу бразилиялик айни вақтда испан фуқаролигини олиш ҳаракатида.

Рейниер вақти келиб «Реал»нинг асосий таркиб футболчисига айланади. Бразилиялик янги мамлакатга мослашиши керак, Перес эса хотиржам - янги юлдузни ундан ҳеч ким олиб қўя олмайди. 

Ҳозирча Мадридда янги орзулар жамоасининг биринчи қисми ёзилмоқда. Ҳозирча, 22 ёшли Йовичнинг ҳам, унинг тенгдоши Милитаонинг ҳам омади келмаяпти. Лекин яримҳимоя чизиғида 21 ёшли Вальверде ўзини кўрсатмоқда. Агар оғир жароҳат бўлмаганида бу мавсум 23 ёшли Асенсионики бўлган бўларди. Лекин у албатта қайтади. Қолаверса Дортмунднинг «Боруссия»сида порлаётган Ҳакими бор. Йиллар ўтиб Мадрид ҳужум чизиғида «бразил учбурчаги» жавлон уриши тайин, бу учлик мияси эса Рейниер бўлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top