Жамият | 16:15 / 24.01.2020
14772
2 дақиқада ўқилади

«Покиза инсонлар» акцияси давом этади. Акцияга давлат идоралари ҳам қўшилди

Тошкент шаҳрида ҳар пайшанба куни «Покиза инсонлар» акцияси ўтказиб келинмоқда. Акция қатнашчилари – бир-бирини мутлақо танимайдиган, фақат мана шу хайрли ва савобли ишга бош қўшиш мақсадида йиғилган инсонлардир.

Акция бу ҳафта Тошкент шаҳри Олмазор туманида ўтказилди. Унинг қатнашчилари ҳар галгидек эрталабдан белгиланган жойда йиғилиб, саховатли инсонлар томонидан йиғилган маблағ эвазига бироз егулик, қаҳва, пайпоқ, қўлқоп ва дафтарларни улашиш учун тайёргарлик кўришди.

«Овқатланишга битта ошхона бўлганда жуда ҳам яхши бўларди»

Акция давомида сариқ нимча кийиб, шаҳар озодалиги учун хизмат қилаётган юртдошларимизни суҳбатга тортдик.

«Бизга тушлик пайтида овқатланишга битта ошхона бўлганда, жуда ҳам яхши бўларди. Ишчилар роса қийналяпти бу аҳволдан. Чунки уйдан олиб келган овқатларни иситмасдан, музлаган ҳолатида кўчада еяпмиз», дейди юртдошларимиздан бири.

«Мана шу иссиқ қўлқоплар, нарсаларни ташкил қилаётганларга катта раҳмат деймиз», дейди бошқа бир ободонлаштириш ходими.

Баъзи давлат идоралари ҳам ҳомийлик қилмоқда

«Покиза инсонлар» акцияси бу ҳафта Фарғона вилоятида ҳам ўтказилди. Унда иштирок этган фаоллардан бирининг айтишича, у ерда меҳнат қилаётган 800 ишчига миннатдорчилик билдирилиб, қувонч улашилди.

«Чоршанба куни Фарғона шаҳрида ҳам «Покиза инсонлар» акциясини ўтказдик. Кўпчилик ўз ҳиссасини қўшди, айниқса давлат идоралари ҳомийлик қилгани жуда ҳам қувонарли бўлди. Фарғона шаҳрида 800 нафар одам ишлар экан, акцияда иштирок этувчилар ҳам анчагина бўлди.

Бугун Олмазор туманидамиз ва яна тўртта туман қолди. Кейин Тошкент вилоятига чиқишни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, вилоятларда ҳам акцияни давом эттирамиз», дейди акция фаоли.

Мавзуга оид