Ўзбекистон | 19:14 / 27.01.2020
11112
2 дақиқада ўқилади

«Чорсу» меҳмонхонасига хорижликлар ҳам қизиқиш билан қарамоқда – Муҳиддин Хўжаев

Бугун, 27 январь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш марказида соҳа фаолиятига бағишланган пресс-тур ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳридаги собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ўтган йилнинг октябрь ойида онлайн аукционга қўйилган бўлса-да, нега сотилмагани тўғрисида изоҳ берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўминжон Ибодовнинг сўзларига кўра, меҳмонхонанинг бир марта онлайн-аукционга қўйилиб, сўнгра яна қайтариб олиниши харидорлар учун савдо шартларининг осонлаштирилиши билан боғлиқ.

Маълум қилинишича, меҳмонхонани аукционга қўйиш ваколати Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармасига тегишли. Бошқарма бир муддат меҳмонхонани аукциондан олиб турган.

«Бироқ 17 февраль куни меҳмонхона қайтадан онлайн аукционга чиқарилади», – деди Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази директори Муҳиддин Хўжаев.

Муҳиддин Хўжаев

Унинг айтишича, меҳмонхонага қизиқиш катта. Чет эллик инвесторлар ҳам онлайн-аукционда қатнашиш истагини билдиришяпти.

Маълумот учун, аукцион шартларига асосан, сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25,0 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестиция киритиш, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиш ва 150та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олади.

Мавзуга оид