12:40 / 29.01.2020
0
83508

Банан, жўнатмалар ва алкогол. Коронавирус ҳақида энг машҳур миш-мишлар

2019-nCoV коронавирус штамми бутун Хитой бўйлаб тез тарқалмоқда, аммо миш-мишлар ва «алтернатив назариялар» эса дунё бўйлаб янада тезроқ ёйилмоқда. Уларда касалликни алкоголь билан даволаш мумкинлиги, вируснинг ўзи эса бананлар ва AliExpress'дан жўнатмалар орқали тарқалаётгани ҳақида гап боради. 

GETTY IMAGES

Биз коронавирус борасида Хитой ва унинг ташқарисида машҳур бўлган миш-мишларни бир ерга жамладик. 

1. «Коронавирус банан билан бирга кириб келмоқда»
Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар коронавирусни банан ёки бошқа мевалар орқали юқтириб олиш мумкинлиги ҳақидаги ваҳимали хабарларга тўлиб кетди. Улардан баъзиларини аслича қуйида келтирамиз: 

Матнларнинг баъзи талқинларида маълумот «Синьхуа касалхонасининг Чуньминь бўлимидан келгани» айтилади. Бундай шифохона ҳақиқатан ҳам мавжуд ва Уханда жойлашган. 

Бироқ, Хитойда ёки ундан ташқарида бирор мутахассис, расмий ёки сиёсатчи вирусни мевага боғлагани йўқ. Бундан ташқари, миш-мишларда вируснинг штамми нотўғри кўрсатилган. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2019-nCoV штаммли вирус ҳаво-томчи йўли ва кўз орқали юқиши мумкинлиги исботланди. Вирус инсон ёки ҳайвонлар организмидан ташқарида, масалан мевада, ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолатдаги каби, яшай олмайди. 

2. AliExpress жўнатмалари

Худди юқоридаги каби миш-миш: вирус Хитойда ишлаб чиқарилган янги қулоқчин ёки робот чангютгичи билан келиши мумкин эмиш.

Уханда вирус тарқалишининг дастлабки кунларида AliExpress ўзининг барча жўнатмалари санитария нуқтайи назаридан тоза деб даъво қилишга мажбур бўлди. 

Бир неча кун ўтгач, Россиядаги нашрлар руслар AliExpress'дан нарса сотиб олишдан бош тортишаётгани ҳақида хабар беришди. Компания буни тасдиқламади. 

AliExpress ва коронавирус ўртасидаги боғлиқлик мемлар ва ҳазиллар учун машҳур мавзуга айланди. 

Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Россия ва Украинада экспертлар ва соғлиқни сақлаш мутасаддилари жўнатмалардан инфекцияни юқтириш деярли мумкин эмаслигини таъкидламоқда. Шифокорлар вирус бутун транзит даврида жўнатма юзасида ёки ичида яшаши мумкинлигини тасаввур қилиш ҳам қийинлиги ҳақида гапиришган. 

AliExpress'нинг Россия бўлими вакиллари таъкидлашича, ҳозирги кунга қадар жўнатма орқали бирор инфекция аниқланмаган. 

Украинада, бир мунча вақт олдин, почта хизмати Хитойдан посилкаларни қабул қилишни тўхтатиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Улар ҳам сохта бўлиб чиқди. 

3. Спиртли ичимликлар

«Отам Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайди. Бугун улар шошилинч йиғилишни чақиришди. У қайтиб келди ва онамга яширинча, Хитойдаги коронавирусга қарши ҳукуматнинг махсус буйруғи билан, аёллар ва болалардан фарқли ўлароқ, юқумли касалликка мойил бўлган барча эркаклар ҳар кеча камида 250 грамм ароқ, виски ёки коньяк ичишлари кераклигини айтди».

Бу ҳозирда рус интернет фойдаланувчилари орасида тарқалган энг кулгили матн бўлиб турибди, аммо Уханда кўп одамлар ҳақиқатан ҳам спиртли ичимликлар ёрдамида коронавирусдан қутулиш мумкин деган фикрда. 

Ухань аҳолисининг Би-би-си рус хизмати мухбири Наталя Зотовага айтган сўзларига кўра, баъзи уханликлар, асосан катта ёшли кишилар, алкоголь билан тузалишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда.

«Кекса авлод алкогол вирусни ўлдиради, деб ҳисоблайди: қўшниларимиз маст, улар бу тирик қолиш учун керак, деб айтишди», — дейди шаҳарда яшовчи Антонина Старцева.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, спиртли ичимликлар, аксинча, иммунитетни сусайтиради ва танани заифлаштиради, бу вирус билан курашиш жараёнини оғирлаштириши кундек аён. Алкоголдан яхшиси маҳсулотлар ёки қўлларни дезинфекциялаш учун фойдаланган маъқул.

Бугунги кунда инфекцияланиш хавфини камайтиришга ёрдам берадиган ягона восита гигиена қоидаларига риоя қилишдир.

Вирусдан қандай ҳимояланиш мумкин?

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга чалинмаслик учун нималар қилиш кераклиги борасида қуйидаги тавсияларни берган:

  • қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
  • йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
  • шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
  • тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
  • таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг. 

Қаршиева Назокат тайёрлади 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top