Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда Мадрид дербиси, Англияда грандлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси
Бу ҳафтада Испанияда Мадрид дербиси, Англияда яна бир топ учрашув, Германияда эса пешқадамни аниқлаб берадиган баҳслар бизни кутиб турибди.
Бугун қишки трансфер ойнасининг сўнгги куни, клублар сўнгги трансферларини амалга ошириш учун музокараларни давом эттирмоқда, ҳар дақиқада янги янги футбол хабарлари чиқиб туриши табиий. Зериксангиз, ўша эски ишингизни қилишингиз ва эътиборингизни майдонга, навбатдаги тур ўйинларига қаратишингиз ҳам мумкин.
ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ (1 февраль, 17:30)
Ҳозирча кучли тўртликдан анча мустаҳкам жой олган, аммо юқорироқ ўринлар учун имконият деярли йўқ бўлган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви жуда қизиқ кечиши шубҳасиз. Ушбу мавсум «Челси» учун ҳам, «Лестер» учун ҳам ўхшаш кечмоқда – узоқ вақт жуда сифатли ўйин кўрсатишди, деярли камчилик йўқ, мураббийлар бор имкониятлардан максимал фойдаланаётгандек тасаввур уйғотишди. Кейин эса, турли сабаблар билан муаммолар кўзга ташланиб қолди, натижалар беқарорлашди. Фақатгина қуйидаги жамоаларнинг янада омадсиз ўйинлари туфайли улар ҳали ҳам юқори ўринларда кетишяпти, холос. Зеро, ҳар икки жамоа ҳам АПЛдаги сўнгги 10 ўйиннинг ярмида мағлубиятга учради.
«Лестер»нинг муваффақиятсиз даврини кўпроқ таянч яримҳимоячиси Вилфред Ндидининг жароҳати билан боғлашганди. У қайтгач, «Вест Ҳэм» устидан ишончли ғалабага эришилди. Таркиб борасида мезбонларда энди жиддий муаммолар йўқ. «Челси»да эса Тэмми Абраҳам майдонга туша олмаса керак. Шунингдек, Пулишич, Жеймс, Лофтус-Чик каби футболчилар гарчи асосий таркибнинг ажралмас вакиллари бўлишмаса-да, уларнинг йўқлиги Лэмпарднинг вариантларини камайтириши шубҳасиз.
Биринчи даврадаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Умуман, бу жамоаларнинг охирги тўрт тўқнашувининг учтасида дуранг қайд этилган, икки ўйинда ҳисоб очилмаган. Охирги уч йилда ҳам АПЛ, ҳам кубок доирасидаги ўйинлар ё дуранг ёки минимал ҳисобда якун топяпти. Демак бу сафар ҳам кескин, муросасиз баҳсни кутсак бўлади.
Дарвоқе, «Лестер» сешанба оқшомида Лига Кубоги ярим финалида майдонга тушди. «Астон Вилла»га қарши ўйин 120 дақиқа давом этганини эътиборга олсак, жисмоний тарафдан «Челси»да яхшироқ имконият ҳосил бўлиши ҳам мумкин.
РЕАЛ – АТЛЕТИКО (1 февраль, 20:00)
«Реал» доимий баҳорги спорт формасига кириб келишда давом этяпти. Зидан шогирдлари сўнгги марта уч ой олдин «Мальорка»га ютқазишганди, шундан бери 20 ўйинлик мағлубиятсиз серия давом этмоқда. Бундан ташқари, таркиб борасида «Реал» Европанинг тенгсиз жамоасига айланаётганига ҳам эътибор беринг. Ҳозир Зидан қўл остида тўрт тоифа ярим ҳимоячилар бор. Биринчи тоифага савияли, лекин ёзда жамоа қутулмоқчи бўлган Хамес, Бэйл, Иско каби футболчилар киради. Иккинчиси, кетадиганлар ўрнига сотиб олинган ёки имконият берилиши керак бўлган юлдузлар – Азар, Асенсио, Винисиус, Родриго. Учинчиси, кутилмаганда порлаб, жамоанинг асосий кучига айланиб бораётганлар, масалан, Вальверде. Шунингдек, жамоа ўзагини ташкил қилаётган эски футболчилар – Кроос, Модрич, Каземиро.
Қизиғи, ҳозир бу футболчиларнинг деярли ҳаммаси таркибда, жароҳатланганлар ҳам қайтишмоқда. Зидан қўл остида камида ўн нафар ўта юқори савияли яримҳимоячи мавжуд. Бу эса «Реал»ни янада тушунарсизроқ ва хавфлироқ қилиши табиий.
«Атлетико» эса мавсум бошидаги ўйинларини кўрсата олмаяпти, айниқса, ҳужум чизиғида катта муаммоларга дуч келмоқда. Катта пулга олиб келинган Жоао Фелиш ҳали ҳам ўйнаб кета олгани йўқ. Симеоне шогирдлари сўнгги 4 ўйинда ғалаба қозона олмади, бу ўйинларда атиги 1 гол урилди. Шунинг учун ҳам «Атлетико» янги ҳужумчи сотиб олиш фикридан воз кечмаяпти, Кавани билан боғлиқ хабарлар тинмаяпти. Агар сезиларли ўзгариш қилинмаса, ҳатто Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар ҳам орзу бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирда «Атлетико» 5-ўринда боряпти ва агар Мадрид дербисида имконият бой берилса, жамоа 7-ўринга тушиб кетиши ҳам мумкин. «Валенсия», «Сосьедад», «Севилья» каби тажрибали жамоалар билан рақобатлашиш бундан кейин қийинлашиб бориши турган гап.
Демак, икки хил кайфият ва мақсадлар чулғаб олган бу икки жамоа дербисини кузатиш қизиқ бўлади. Маълумот учун, сўнгги икки Мадрид дербисида ҳисоб очилмаган.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ВУЛВЕРҲЭМПТОН (1 февраль, 22:30)

Сўнгги 9 ойда бу жамоалар ўзаро 5 марта ўйнаб улгуришди ва бу сафаргиси олтинчисидир. Ўтган йилнинг баҳорида «Вулверҳэмптон» бир ҳафтада икки марта «МЮ»ни 2:1 ҳисобида енгиб, «иблислар»ни ҳам Англия Кубоги ярим финалидан, ҳам кучли тўртликдан маҳрум қилганди. Августда АПЛ доирасидаги учрашув дуранг билан якунланди. Январда эса, жамоалар Англия кубогида тўқнаш келишди. Вулверҳэмптондаги ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, такрорий ўйин 1:0 ҳисобида Сульшер жамоаси фойдасига якунланди. Демак, турнир жадвалида ҳам, ўйин бўйича ҳам бир-бирига яқин ва мос бўлган жамоалар энди яна АПЛда орани очиқ қилишади.
«Манчестер Юнайтед» мухлислари бу ўйинни ўзгача хавотир билан кутаётган бўлишлари шубҳасиз. Чунки одатда, «МЮ» топ-рақибларга қарши жуда яхши ўйин ортидан, дарҳол, бирор ютиш шарт бўлган ўйинларни уддалай олмаяпти. Лига кубогида «Манчестер Сити» сафарда мағлуб этилди, бу ўлчовда «Олд Траффорд»даги «Вулверҳэмптон» хавф туғдирмаслиги керакдек, аммо...
«Вулверҳэмптон»нинг ҳам сўнгги натижалари ҳавас қигулик эмас. Сўнгги 7 ўйинда атиги 1 ғалабага эришилди, унда ҳам «Саутҳэмптон»дан 0:2 ҳисобида енгилиб турган ҳолатда ирода кўрсатилди. Лекин «Ливерпуль»га қарши ўйинни бемалол «бўрилар» активига ёзиб қўйиш мумкин. Нуну Санту шогирдлари пешқадам билан тенгма-тенг тўп суришди, ҳатто баъзи жабҳаларда яққол устунлик қилишди.
«Юнайтед»да ҳамон Рэшфорд, Погба, Мактомини майдонга туша олишмайди. Юқорида эсланган Манчестер дербисида Матич ҳам жароҳат олди – охирги ўйинларда чинакам етакчига айланган сербиялик яримҳимоячининг ўрни билинса керак. Лекин, балки янги трансфер Бруно Фернандешнинг захирадан бўлсаям дебютини кўришимиз мумкин. Сульшер ушбу футболчи яхши спорт формасида эканини таъкидлади ва бу ўйинда майдонга тушиши мумкинлигини истисно этмади. Куни кеча, Дани Поденсени, яъни таркибга саккизинчи португалиялик футболчини қўшиб олган «Вулверҳэмптон» Бруно учун яхши рақиб, мослашув осон кечади, худди Португалияда тўп сураётгандек ўйнайвериши мумкин.
ЛЕЙПЦИГ – БОРУССИЯ М (1 февраль, 22:30)
Бундеслига, айниқса, мана бу ўйинни таърифлаш учун, қўшимча фикрлар, тарихга мурожаат қилишга мажбур эмасмиз – турнир жадвалига қаранг, кифоя. «Лейпциг» 19 ўйиндан кейин 40 очко жамғариб пешқадам бўлиб турибди. «Боруссия» эса 38 очко билан учинчи ўринда. Бу ўйинда ғалаба қозонган жамоа турнир жадвалини бошқариши мумкин. Дуранг эса «Бавария»ни яна пешқадамликка қайтаради. Яъни чемпионлик пойгасида жуда муҳим бўлган ва ҳар икки жамоани ғалабадан бошқаси қониқтирмайдиган ўйин. «Лейпциг» кейинги турда «Бавария» билан ўйнайди, ундан кейинги ҳафталарда эса Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинлар бошланишини ҳам эътиборга олсак, бу ўйинда мезбонлар очко йўқотмасликлари шарт бўлиб қолади.
Охирги ўн ўйиндан 9тасини ғалаба билан якунлаган ва бу учрашувларнинг ҳар бирида камида 3тадан гол уриб келаётган «Лейпциг» ўтган турда қақшатгич зарбага учради. Франкфуртда 0:2 ҳисобида мағлубият қайд этилди. Менхенгладбахликлар эса, аввалги турда «Шальке»дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг, ўзларини ўнглаб олишди – «Майнц» устидан иродали ғалаба.
Таркибларга келсак, мезбонларнинг ҳолати ёмонроқ. Яримҳимоядаги етакчи футболчи Марсель Забитцер кичик жароҳат олган ва бу ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Иброҳим Конате, Кевин Кампл каби футболчиларнинг қайтишига бироз вақт бор. «Боруссия» сафида эса Фабиан Жонсон шерикларига ёрдам бера олмайди.
Ўзаро ўйинлар ҳақида айтадиган бўлсак, «Лейпциг» Бундеслигага чиққанидан бери, «Боруссия»га мағлубиятга учрамаяпти. Етти ўйиндан бештасида, жумладан, охирги тўрт ўйинда «Лейпциг»нинг қўли баланд келган. Аммо икки дурангга «Боруссия» сафарда, «Лейпциг» майдонида эришганликларини ҳам назардан қочирмаслик керак.
ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (2 февраль, 21:30)

Биринчи даврадаги ўйин қизиқ кечганди, «Манчестер Сити» 90 дақиқа ичида 31 марта рақиб дарвозасига зарба берган, «Тоттенҳэм» атиги 2 марта. Ўйин эса 2:2 ҳисобида якунланган, ҳалигача журналистлар энг мантиқсиз якун сифатида айнан шу ўйинни мисол келтиришади. Лекин ҳозир кўп нарса ўзгарди, «Тоттенҳэм»ни бошқа мураббий бошқараётган бўлса, ўша вақтда очко йўқотишини тасаввур қила олмайдиганимиз «Манчестер Сити» эндиликда чемпионлик учун курашда анча ортда қолиб кетишган. «Сити» 2019 йил бошидан буён илк марта айнан ўша ўйинда майдонни уч очкосиз тарк этганди. Ҳозир эса «Сити» ўйнаса бўладиган жамоалар сирасида, Пепнинг охирги мағлубиятини қидириш учун ўтган ҳафтага қайтиш ҳам шарт эмас.
«Тоттенҳэм»да Кейн жароҳат олди, Эриксен ва Роуз жамоани тарк этишди, Жедсон Фернандес, Стивен Бергвин каби футболчилар харид қилинди. Яъни мавсум ўртасида қайтадан қурилаётган жамоадан барқарор натижа кутиш ҳам хато, лекин гап Жозе Моуриньо ҳақида борар экан, алоҳида ўйинда у шогирдларини ҳар қандай рақибга қарши тайёрлай олади. Хуллас, бу ўйин «Манчестер Сити» учун осонгина давом этмаслигини тахмин қилса бўлади.
«Тоттенҳэм»да Кейндан ташқари, Муса Сиссоко ҳам узоқ муддатга сафдан чиққан, Бен Девис ёрдам бера олмайди. Меҳмонлар таркибида эса, ниҳоят, Лерой Саненинг машғулотларга қўшилганини айтиш мумкин. Бу ўйинда қай даражада тайёр бўлиши маълум эмас, лекин зарур пайтда Гвардиолада қўшимча опция пайдо бўлаётгани шубҳасиз. Чунки, фақат Стерлинг яхши ҳаракат қилиши мумкин бўлган чап қанот энг муаммоли нуқта бўлиб келаётганди. Бернарду, Давид Силва, Маҳрез, ҳатто Кевин Де Брюйне ҳам кўпроқ ўнг қанотдан ҳужум қилишни яхши кўришади.
Шунингдек, «Тоттенҳэм»нинг ҳафта ўртасида дам олгани жамоага қўшимча имконият тақдим этиши мумкин. Маълумки, декабрь ойи бошидан бери АПЛ жамоалари танаффуссиз ўйнаб келишяпти, Лига кубогида ҳам иштирокини тўхтатмаган «Манчестер Сити» эса, бу даврда энг кўп ўйинларда қатнашган жамоалардан биридир. Жумладан, куни кеча бўлиб ўтган Манчестер дербисида ҳам Гвардиола шогирдлари ҳам жисмоний, ҳам эмоционал жиҳатдан анча куч йўқотганликлари шубҳасиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР
1 февраль. БОРУССИЯ Д – Унион Берлин (19:30), Майнц – БАВАРИЯ (19:30), ЛИВЕРПУЛЬ – Саутҳэмптон (20:00), ПСЖ – Монпелье (21:30)
2 февраль. ЮВЕНТУС – Фиорентина (16:30), Бёрнли – АРСЕНАЛ (19:00), ЛАЦИО – СПАЛ (19:00), МИЛАН – Верона (19:00), Удинезе – ИНТЕР (3 февралга ўтар кечаси, 00:45), БАРСЕЛОНА – Леванте (3 февралга ўтар кечаси, 01:00).