Ўзбекистон | 20:10 / 31.01.2020
6879
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: Келгусида ижро ҳокимияти ва вакиллик органи ажратилади

Сенат раиси Сирдарё вилоят ҳокимлигида ўтказилган маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашувда халқ вакиллари сафида фақат виждонли, халқ дарди билан яшайдиган инсонлар бўлиши муҳимлигига урғу берди.

Архив фото : KUN.UZ

31 январь куни Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи Сирдарё вилояти Сирдарё туманига ташриф буюрди. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сирдарё вилоят ҳокимлигида ўтказилган маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашувда вакиллик ва ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини такомиллаштиришнинг аниқ механизмларига урғу берди.

– Айни пайтда вакиллик ва ижро органининг раҳбари ҳоким. Вақти-соати келиб, бу иккаласи ажратилади. Ҳозирча ҳоким вакилларга кўпроқ эркинлик бериши лозим. Бўлмаса, ҳоким нима деса, депутатлар қўл кўтариб ўтираверади, - деди Сенат раиси.

Норбоева депутатлар ўз фаолиятларини йўлга қўйиб олишлари учун ишлаб чиқилган тарғибот материалларини тақдим этди. Аниқ мисоллар асосида қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлаш бўйича бажарилиши лозим бўлган ишларга эътибор қаратди.  

У ёшлар, хотин-қизлар, коррупция ва жиноятчиликка қарши кураш, рақамли иқтисодиётни татбиқ этиш борасидаги долзарб масалалар маҳаллий Кенгашларнинг доимий кун тартибида бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Сенат раиси халқ вакиллари сафида фақат виждонли, халқ дарди билан яшайдиган инсонлар бўлиши муҳимлигига урғу берди.

- Халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияларида коррупцияга берилган, ғўдайган, халқнинг дардидан узоқ одамлар бўлмаслиги керак. Сизнинг олдингизда турган, халқни қийнаётган муаммоларни сенаторлар орқали вазирликларга етказинглар. Тегишли вазир келиб, ҳудудда муаммони ечсин, сизларнинг олдингизда бартараф этилгани тўғрисида ҳисоб берсин. Бу давлатимиз раҳбарининг талаби, - деди Танзила Норбоева.

У шунингдек, халқ билан мулоқотни давом эттириш ҳақида ҳам сўз юритди. 

- Халқимиз шунақа самимий, тушунадиган, яхши гапирса, кўнувчан халқ. Одамлар билан учрашиб, халқнинг орасига кириб, дардини тингласангиз, муаммосининг ечимига амалий кўмак кўрсатсангиз, уларнинг эътиборига, эътирофига сазовор бўласиз, - дея қайд этди Сенат раиси.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид