18:00 / 02.02.2020
4
47198

Самарқандда юқори босимли магистрал газ қувурида ёнғин келиб чиқди (видео)

Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани ҳудудидан ўтган ва 1959 йилда ишга туширилган, «Зирабулоқ» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли «Жарқоқ – Бухоро – Самарқанд – Тошкент» магистрал газ қувурида ёнғин келиб чиқди.

KUN.UZ мухбирлари М41 йўлидан ўтаётган чоғда аввалига диаметри 720 мм эканлиги айтиладиган газ қувуридан кучли овозда газ сизиб чиқаётганига гувоҳ бўлишган. Кейин ёнғин рўй берган.

Хавфлилик даражаси юқори бўлган, ушбу биринчи тоифали магистрал газ қувурининг муҳофаза зонаси газ қувури ўқидан ҳар икки тарафга 200 метр этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳодиса юзасидан изоҳ берди.

«Самарқанд вилояти Нарпай тумани Мирбозор шаҳарчаси яқинидаги Зирабулоқ магистрал газ қувурида бугун 2 февраль куни соат 16:45ларда БГР-ТБА Магистрал газ қувурлари 1-4 тармоқларининг газ қувури ёрилиши оқибатида ёнғин содир бўлган. Авария натижасида жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқ.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси  ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус ишчи гуруҳларининг тезкор ҳаракатлари натижасида соат 17:15да ёнғин бартараф этилди.

БГР-ТБА Магистрал газ қувурларининг 2-3 тармоқлари орқали газ транспорт тизими узлуксиз ишлаши йўлга қўйилди.

Айни пайтда Зирабулоқ, Ғаллаорол, Муборак ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармаларининг махсус таъмирлаш бригадалари талафотни бартараф этиш мақсадида воқеа жойида иш олиб бормоқда, қисқа муддатларда магистрал газ қувурлари қайта ишга туширилади ва барқарор ишлаши таъминланади.

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда», дейилади хабарда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top