Ўзбекистон | 16:33 / 03.02.2020
6137
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда коронавирус бўйича тушунтириш ишлари ўтказилади

Янги коронавирус тарқалиши муносабати билан Ўзбекистон мактабларида ўткир респиратор инфекциялар (ЎРИ), грипп ва коронавирусдан сақланиш бўйича тушунтириш ишлари бошланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.

«Мазкур тушунтириш ишлари тизимдаги барча ходимлар ва ўқувчиларни қамраб олади.

Вилоят халқ таълими бошқармалари эртага, 4 февралдан бошлаб ўзлари ишлаб чиққан режа бўйича тушунтириш ишларини бошлайдилар» – дея маълумот берди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган қуйидаги тавсияларни ишлаб чиққан:

  • хона ҳарорати меъёрда бўлиши, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намли дезинфекция ишларини мунтазам олиб бориш;
  • касалликнинг клиник белгилари ва тана ҳарорати юқори бўлган ишчилар, талабалар ва ўқувчилар аниқланганда уларни ишга ва ўқишга қўймаслик, тиббий муассасага мурожаат этишини ташкил этиш;
  • ҳожатхоналарда тозалаш ва дезинфекция ишларини мунтазам олиб борилишини назоратга олиш;
  • ҳожатдан чиққанда ва овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига мунтазам риоя этилиши;
  • талаба ва ўқувчиларни тиббий ниқоблар билан етарлича таъминлаш;
  • ходимлар, талабалар ва ўқувчилар иштирокида тиббиёт мутахассисларини жалб қилган ҳолда коронавирус инфекциясини профилактикаси бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.

«Ўзингиз ва оила аъзоларингизда юқорида қайд этилган касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан ҳудудингиздаги тиббиёт муассасасига мурожаат этинг. Ҳар қандай даволаш ишлари шифокор назоратида амалга оширилиши лозим», – дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, дунё миқёсида 2019-nCoV вирусини юқтириб олганлар сони охирги бир сутка мобайнида 2829 кишига кўпайиб, 17205 кишига етди. Муваффақиятли даволаш курсидан ўтиб, соғайиб кетганлар эса  475 нафарни ташкил қилмоқда. Вирус Хитойдан ташқари 26та мамлакатда аниқланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид