16:21 / 03.02.2020
1
6016
ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили: Коронавирус иммунитети паст одамларда оғир кечиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор Ўзбекистон ҳудудида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабарларни рад этиб, фуқаролардан соҳадан узоқ бўлган шахслар томонидан тарқатилаётган асосланмаган маълумотларга эмас, балки мутахассислар холис фикри ва хулосаларига эътибор қаратишни сўради.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс халқаро ташкилот томонидан Хитойда янги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро даражадаги фавқулодда вазият деб эълон қилингани, аммо бу жиддий хавотирга тушиш ёки бўлмаса, бутун дунёни ушбу хасталик қамраб олди, дегани эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Маълумотларга кўра, коронавирусдан касалланган одамларнинг 80 фоизида хасталик енгил ўтади, қолган 20 фоизида оғир кечиши мумкин. Ўлим ҳолати юз бериши эҳтимоли бўлган 2-3 фоизи эса иккиламчи оғир, сурункали касалликларга чалинган, иммун тизими пасайиб кетган беморларга тўғри келмоқда.

Ушбу касалликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар учта йўналишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Биринчи ўринда касаллик манбаини жиловлаш, иккинчиси, юқишнинг олдини олиш, учинчиси эса, юқтириб олиш эҳтимоли бўлган аҳолини ҳимоя қилишдир. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этган ҳолда тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», деган Лианн Куппенс 1 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Видеоселекторда коронавирусни аниқлашда асосий эътибор тана ҳароратининг кўтарилишига қаратилса-да, унинг яширин даври мавжудлиги таъкидланган.

«Бу пайтда касаллик белгилари тўлиқ намоён бўлиб улгурмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда вазиятни назорат қилиш, хориждан келган фуқароларни текшириш ва кузатувга олиш борасида барча тайёргарлик чоралари кўрилган. 

Шунга қарамай, ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли орасида турли ваҳимали, хусусан, Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундай ҳолатда одамлар соҳадан узоқ бўлган шахслар томонидан тарқатилаётган асосланмаган  маълумотларга эмас, балки мутахассислар холис фикри ва хулосаларига эътибор қаратишлари керак.

Энг муҳими, айни кунга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар қайд этилмади. Юртимизда ушбу касалликка ташхис қўйиш имконияти мавжуд, шунингдек, даволай оладиган малакали мутахассислар ҳам етарли», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top