Ўзбекистон | 15:00 / 03.02.2020
39255
2 дақиқада ўқилади

Помпео АҚШни Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти деб атади

АҚШ Ўзбекистонни қўллаб-қувватламоқда, сабаби республика учун «ҳақиқий дўст» саналади. Бу ҳақда бугун АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque/Pool

Душанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео Тошкентда «Марказий Осиё - АҚШ» («С5+1») шаклидаги вазирлар учрашуви олдидан ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказди.

«Жаноб Комилов билан музокараларимиздан сўнг, алоқаларимиз янада ривож топишига амин бўлдим. Ўзбекистоннинг янги сиёсати янги хорижий инвестициялар ва иш ўринлари яратишни бошлади. Биз мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити, қонун устуворлигини яхшилаш, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун тенг иқтисодий имкониятларни таъминлаш масалаларини муҳокама қилдик. Биз мамлакатлар ўртасида хусусий сармоялар оқими ортишини истаймиз. Бу фаровонлик учун энг муҳим қадамдир», - деди Помпео журналистларга.

У АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссасини қайд этди. Помпеонинг сўзларига кўра, 2019 йилда Қўшма Штатлар қонун устуворлиги, таълим ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион долларга яқин маблағ ажратди.

Яқин орада АҚШ Молия вазирлиги молия секторига техник кўмак тақдим этиши кутилмоқда. «Бугун шуни эълон қилишдан мамнунманки, биз Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш учун техник кўмак сифатида 1 миллион ажратилишининг тасдиқланишини кутмоқдамиз. Бу молия соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ёрдам бўлади. Биз буни АҚШ Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти бўлгани учун қиляпмиз», - дея айтиб ўтди Помпео.

Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон билан «тинчлик ва фаровонликни сақлашга ёрдам берадиган» транспорт алоқаларини янада ривожлантириш учун 1 миллион доллар олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид