Спорт | 19:56 / 03.02.2020
13326
2 дақиқада ўқилади

«Шабаб Ал-Аҳли» Азизжон Ғаниев трансферини эълон қилди

Ўзбекистон олимпия жамоаси ҳамда Қаршининг «Насаф» клуби футболчиси Азизжон Ғаниев легионерга айланди.

22 ёшли яримҳимоячи Бирлашган Араб Амирликларининг «Шабаб Ал-Аҳли» клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди. Шартнома шартлари ва муддати маълум қилинмаган.

Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси саналмиш ушбу клуб «В» гуруҳида «Пахтакор» жамоасининг рақиби саналади. Аргентиналик мутахассис Родольфо Арруабаррена қўл остидаги жамоа 10 февраль куни 1-тур доирасида Тошкентда меҳмон бўлади.

БАА чемпионати 15-туридан кейин 36 очко билан пешқадамлик қилаётган «Шабаб Ал-Аҳли» жамоаси якшанба куни сўнгги тур доирасида «Ал-Фужайра» билан 0:0 ҳисобини қайд этди.

Маълумот учун, яна бир ҳамюртимиз Отабек Шукуров тўп сураётган «Шаржа» клуби чемпионатда «Шабаб Ал-Аҳли»дан кейинги 2-ўринни банд этиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда Азизжон Ғаниев борасида музокаралар давом этаётганлиги ҳақида айтганди.

Мавзуга оид